Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Антология узбекской поэзии” номли китобнинг биринчи ва иккинчи жилдлари тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот аввалида мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор, жумладан, “Адиблар хиёбони” ҳақида сўзловчи видеоролик намойиш этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ва бошқалар кейинги йилларда миллий адабиётимизни чет элларда тарғиб этиш учун кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда “Антология узбекской поэзии” китобининг яратилиши жараёни ва унинг аҳамияти хусусида батафсил сўз борди.

Мазкур антология Россиянинг “Ладомир” нашриётида чоп этилган бўлиб, унинг биринчи жилдида ўзбек халқ эпосларидан парчалар, шунингдек, ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг ғазал, рубоий, қитъалари рус тилига таржимада чоп этилган. 2-жилдда эса ХIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, ХХ аср охиригача бўлган давр шеърияти қамраб олинган.
Китобда ўзбек шеъриятининг XX асрда яшаб ўтган машҳур таржимонлари Сергей Иванов, Николай Гребнев, Светлана Сомова, Наталья Орлова билан бир қаторда Михаил Синельников, Николай Голь, Вадим Муратханов, Санжар Янишев каби бугунги кун таржимонларининг Муқимий, Ҳамза, Завқий, Фурқат, Анбар отин каби забардаст шоирлари, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон каби шоирлар, шунингдек, Миртемир, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф сингари адабиётимизнинг азим чинорлари, қолаверса, бугунги шеърият вакиллари ижодидан қилган таржималари ўрин олган.
Китобда мустақиллик даври шеъриятига алоҳида ўрин берилган. Бу бўлимдан Муҳаммад Али, Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Минҳожиддин Мирзо, Салим Ашур, Хосият Рустам, Гўзалбегим каби шоирларнинг рус тилига таржима қилинган шеърлари бор.
2024 йилда ушбу китобнинг 3-жилди нашрдан чиқиши режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА