Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек қизининг Европа ва иттифоқни ларзага солган шеъри, унинг ортидан ёпилган мактаблар 
18:00 / 2022-05-17

Бундан қарийб 100 йил аввал ёш ўзбек қизи Матлуба Муҳаммедова томонидан ёзилган шеър СССР чегараларидан чиқиб, Европа матбуотигача етиб борган ва бутун иттифоқни ларзага солганди.

Исёнкорлик, ҳурлик ва озодликка ташналик руҳида ёзилган мазкур мисралар ўз даврида бутун Оврўпани уйғотиб юборади ва қайта-қайта чоп этилади. Манбаларга кўра, шеърнинг довруғи ортидан иттифоқ мулозимлари саросимага тушган ва зудлик билан Москвадаги ўзбек мактабларини ёпганлар. Қуйида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Баҳром ИРЗАЕВ шеър тарихи ва унинг муаллифи Матлуба Муҳаммад Хонимнинг аччиқ ўтмиши ҳақида ҳикоя қилади. 

ЖАДИДЧИНИНГ ҚИЗИ 

Матлуба Муҳаммад Хоним асли тошкентлик муаллим Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов хонадонида дунёга келди. Нурмуҳаммад Дадамуҳаммедов тақдир тақозоси билан Марғилонга бориб, жадид мактабини очади ва болаларга хат-савод, илм-фан сирларини ўргата бошлайди. Унинг турмуш ўртоғи Марҳаматхоним ҳам саводхон, оқила аёллардан эди. Илк саводни уйида ўзлаштирган Матлуба жадид мактабининг энг олди ўқувчилари бўлиб таълим олди. 1926 йилгача Қўқон билим юртида ўқиди. 1927 йил ўқишини Тошкентдаги аёллар билим юртига кўчириб, сўнг опасининг изидан Москва шаҳрига ўқишга йўл олди. У ерда Москвадаги ўзбек маориф институтига ўқишга кирди. 

ШУҲРАТ ОРТИДАГИ ШЕЪРИЯТ

Матлуба Муҳаммад Хоним Москвада машҳур шоир Чўлпон, Боту, Шокир Сулаймонлардан шеърият сирларини ўрганди. Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Абдулҳай Тожиевлар мулоқотидан баҳраманд бўлди. У ўзбек талабаларининг маърифий кечаларида Чўлпоннинг ватанпарварлик мавзусидаги оташин шеърларини ўқиб, ўзи ҳам шу мавзуда шеърлар ёзиб, жуда машҳур бўлиб кетади. Унинг бу шуҳрати СССР чегараларидан чиқиб, Европа матбуотигача бориб етди. Бу ҳақда Берлинда таҳсил олган ўзбек талабаси Саттор Жаббор 1929 йил ёзган «Куртулиш йўлунда» асарида шундай ёзган: “... Ёшларнинг Чўлпон таъсирида эканлигини ва Москва тарбиясининг муваффақиятсизлигини 17 ёшли ёш коммунист Матлуба Муҳаммад хонимнинг шу шеъриндан ўқиб биламиз». 

ХАЛҚИМГА!

Мудом Чорнинг қўл остида кўп эзилган Миллатим!

Озодлик йўлинда вайрон бўлган Миллатим!

Чор билан қонли урушда йиққан Миллатим!

Чор ўрнига бошқа зулмлар келгани чоғда,

Нега сен қўзғолмайсан Миллатим?!

Қўзғол, ҳозир, марҳаматсиз қўл остида эзилма!

Қонингни заҳар қилиб соч! Бош кўтар Миллатим!

Русиядан сурулиб келган чет руслар

Қачонгача бизни эзар, МИЛЛАТИМ?!

Матлуба Муҳаммад Хонимнинг бу гўзал шеъри Оврўпода қайта-қайта босилди… Бу воқеа совет давлатини шу қадар "қиздирди"-ки, бир неча ҳафта ўтиб, Москвадаги ўзбек ўрта мактаби ёпилди. Дарҳақиқат, унинг бу иши комсомол томонидан кўрилиб, миллатчилик деб баҳоланди ва уни ўқишдан ҳайдашади. Ҳатто, Москвада «Комсомолская правда» газетасида унга қарши махсус мақола чоп этилди. Кўп ўтмай, Матлуба ариза ёзиб, ўзига қўйилган айбларнинг туҳмат эканлигини исботлаб, ўқишига тикланади. Бунга бир томондан Ўзбекистон ҳукуматининг аралашуви, иккинчи томондан Матлубанинг Италия элчихонасига фуқаролик сўраб мурожаат этиши ҳам сабаб бўлган эди… Совет ҳукумати ўзбек маориф институтини ёпиб муаммога ечим топган бўлади.

ҲУКМ

1929 йил ўзбек талабаларининг етакчиси Саид Аҳмад Назиров Матлубани Ленинград архитектура институти талабаси бўлган дўсти Восиқ Муҳаммедов билан таништиради ва улар оила қуради. Восиқ Муҳаммедов (1905-1938) ўз вақтида Мунаввар қорининг «Намуна» мактаби ифтихори, Фитратнинг «Чиғатой гурунги» иштирокчиси, «Кўмак» уюшмасининг фаолларидан бўлган. Дарҳақиқат, у ўз замонасининг тенгсиз йигитларидан эди. Уларнинг энг ширин дамларига  Сталин бошлиқ тоталитар тузум ўзининг жирканч панжасини солди. 1937 йил 17 декабрь куни қамоққа олинган Восиқ Муҳаммедов 1938 йил 5 октябрь куни отиб ташланди...

ТАҲҚИР, СУРГУН ВА ОҚЛОВ...

Эрининг ортидан Тошкент тиббиёт институтининг 3-босқич талабаси Матлуба Муҳаммедова ҳам қамоққа олинди. У илк сўроқда  турмуш ўртоғининг давлат ва халқнинг олдида ҳеч қандай айби йўқлигини баралла айта олди. Аммо шунга қарамай, у Тошкент вилоят суди томонидан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм этилди. Матлуба Муҳаммедова ноҳақ жазони совуқ Сибирнинг Усолский лагерида ўтади. Чидаб бўлмас даражадаги оғир меҳнат шароитида таҳқир ва азоблар остида меҳнат қилди. 1940 йил 26 февралда Матлуба Муҳаммедованинг аризаси қайта кўрилиб, оқланишга эришади. Ватанга қайтгач, уруш йилларида Тиббиёт институтини тугатди. Сўнг Архитектура институтида ўқиётган пайтидаёқ қамалиб кетган укаси Фатҳулла Воркутадаги қамоқхонадан оғир аҳволда қайтади. Матлуба укаси учун Наманганга бориб яшаб, уни даволади. Фақат Сталин вафотидан сўнггина улар Тошкентга қайтиб келадилар. Матлуба Муҳаммедова кўп йиллар халқнинг сиҳат-саломатлиги йўлида ҳалол меҳнат қилиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлди. Бир пайтлар Ватан ишқида, истиқлол орзусида оташин шеърлар битган аёл Ўзбекистоннинг мустақилликка эришганини ўз кўзлари билан кўрди. Жиянларининг хотирлашича, миллат ҳурлиги, мамлакат мустақиллиги эълон қилинган кунларда у чексиз қувонч ёшларини тўккан экан. Матлуба Муҳаммедова 1998 йили Тошкент шаҳрида оламдан ўтди.Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Матлуба хонимнинг опаси Маҳбуба Муҳаммад хоним ҳам ўз даврининг энг илғор, илмли қизларидан бўлган. Келгуси мақолаларимизда унинг тақдир йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

Мафтуна Каримова, ЎзА