Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек-қирғиз чегара пости: борди келдилар бемалол бўлди
09:08 / 2023-09-06

Ўзбекистон – Қирғизистон чегара-божхона постларидан жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ID-карта, яъни шахсни, фуқароликни тасдиқлайдиган ҳужжат билан ўтиш йўлга қўйилди. Бу икки давлат фуқаролари учун жуда катта қулайлик бўлди.

Ўзбек ва қирғиз халқи азалдан яхши қўшни, бир-бирига елкадош бўлиб яшаб келган. Шунинг учун боболаримиз қуда-андачилик қилиб, аҳил-иноқ ҳаёт кечирган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатларида янги тарихий давр бошланди. Дўстона ва яқин қўшничилик алоқалари мустаҳкамланди, барча соҳаларда ҳамкорлик йўлга қўйилди. Чегара постлари очилди, дўстлик, биродарлик ришталари мустаҳкамланишига эришилди. Бугунги кунга келиб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ечими йўқ масалалар қолмаганлиги амалда ўз исботини топмоқда.  

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённома кучга кириши муносабати билан икки давлат ҳудудига кириш, ундан чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туриш учун идентификация картасидан амалда фойдаланиш йўлга қўйилди. Баённома билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, иккала мамлакат фуқаролари учун давлат чегарасини кесиб ўтишнинг соддалаштирилган ягона тартиби жорий этилди.  

Фарғона вилояти билан қўшни давлатни боғловчи тўртта чегара-божхона постларининг барчасида айни кунларда янги тартибга асосан иш йўлга қўйилган. Ушбу қулайлик икки давлат чегара постларидан ўтишдаги ортиқча оворагарчилик ва вақт сарфлашнинг олдини олади. Бу янгиликдан фуқароларнинг қувончи чексиз.  

– Икки синглим Қирғизистонга келин бўлиб тушган, тўй-маъракалари, яхши-ёмон кунларида ёнларида бўлишга интиламиз. Юртбошиларимизга минг раҳмат, мана, чегаралар очилди, бемалол борди-келди қиляпмиз, – дейди Риштон туманида яшовчи Алижон Саримсоқов. –Илгари чегарадан ўтиш учун хорижга чиқиш паспорти талаб қилинар, ҳар битта постда муҳр босиларди. Энди битта ID-картанинг ўзи кифоя, хорижга чиқиш паспорт саҳифалари тўлиб қолади, деган ҳадик ҳам йўқ. Соатлаб  кутиш ва турнақатор навбатда туришлар ҳам бартараф этилди.  

Бу қулайлик Фарғона вилоятининг анклав ҳудуддаги Сўх тумани ва Чўнғара қишлоғи аҳли учун айниқса, қувонарли бўлди. Зарур юмуш билан Риштонга ёки вилоят марказига келиб-кетиш бирмунча осонлашди.  

– Фарғона давлат университетида ўқийман. Йил давомида тўртта пост орқали ўқишга қатнаш натижасида паспортимиз саҳифалари тўлиб кетар, янгисига алмаштиришга мажбур эдик. Бу янгилик нур устига аъло нур бўлди. Давлатлар ўртасидаги дўстлик, яқин ҳамкорлик бардавом бўлсин, – дейди Сўх тумани Тул қишлоғида яшовчи Нигина Ҳайдарова.  

– Бозор-ўчарга, техника усталари ёки шифокорларга ишимиз тушганда Риштонга келамиз. Ўзбекистонда дўстларим жуда кўп, улар билан борди-келди қиламиз. Баъзида бир кунда икки-уч марта кириб чиқишга тўғри келади. ID-карта билан чегарадан ўтиш жуда қулай бўлди. Узун навбатларнинг ҳам олди олинади. Дўстлигимиз янада ривожланаверсин, – дейди Қадамжой тумани Оқ-турпоқ қишлоғида яшовчи Шодибек Ашуров.  

Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғи пурвиқор тоғлари, зилол сойлари ва сўлим табиати билан машҳур. Анклав ҳудудда жойлашган қишлоққа бориш учун илгарилари фуқароларимиздан хорижга чиқиш паспорти талаб қилинарди. Эндиликда ID-карта бўлса кифоя.  

Маълум бўлишича, икки давлат чегарасидан ҳар куни 25-30 минг киши ўтади. Мазкур қулайлик эса қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкам боғлашга хизмат қилмоқда.  

 

М.Сулаймонов,  

ЎзА