Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек – Қирғиз чегара олди ҳудудлари ривожланади
19:35 / 2022-06-03

Андижон ва Бишкек шаҳарларида икки қўшни давлат ўртасидаги чегаравий экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган “Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегара олди ҳудудларини ривожлантириш” лойиҳаси расмий очилишига бағишланган кириш семинари бўлиб ўтди.

Гибрид шаклда ўтган анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти агентликлари, халқаро экспертлар, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, идоралари, чегара олди ҳудудлари маҳаллий ҳокимликлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

БМТ Бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштириладиган ушбу лойиҳа Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан ҳамкорликда амалга оширилаётганини қайд этиш жоиз.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаранинг салмоқли қисми Фарғона водийси орқали ўтади. Ушбу минтақа нафақат аҳоли сони ва таркиби, балки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш қуввати жиҳатидан ҳам ҳар икки давлат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода маҳаллий савдо, иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инновацион ёндашув, бандлик ва иқтисодиёт соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилган мазкур лойиҳа тинчлик ўрнатиш йўлида янада барқарор натижага эришишга хизмат қилади.

Лойиҳани амалга оширишда қишлоқ аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг манфаатдор куч сифатидаги имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Семинарда ФАО бош қароргоҳи Фавқулодда вазиятлар ва чидамлилик бошқармасининг Фавқулодда вазиятлар ва реабилитация бўйича мутахассиси Филипп Пристли лойиҳадан кўзланган мақсад ва белгиланган вазифалар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, БМТ Тинчлик қуриш жамғармаси фаолияти, тинчликни мустаҳкамлаш жараёнида ёшларнинг ўрни ҳақидаги тақдимотлар намойиш қилинди.

Лойиҳа доирасида режалаштирилган тадбирлар муҳокама қилинди, тинчликни, ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келгусида амалга ошириладиган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар келишиб олинди.

Б.Худойбердиев, ЎзА