Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек полвонлари Ослога борадими?
15:44 / 2021-09-23

Шу кунларда Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасида Токиода ўтказилган ёзги олимпия ўйинларида қатнашган миллий терма жамоаларнинг иштирокини таҳлил қилиш, "Ханчжоу-2022" ва "Париж-2024" олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларига қаратилган йиғилишлар ўтказилмоқда.

Ана шундай таҳлилий йиғинлардан бири эркин ва юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ва спорт курашлари федерацияси вакиллари, мураббийлар иштирокидаги йиғилишда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси бош котиби Шуҳрат Мамадалиевнинг маълум қилишича, Олимпия ўйинларидан сўнг ҳар бир йўналишда (эркин, юнон-рум ва аёллар кураши) вазият чуқур ўрганилиб, тегишли хулосалар чиқарилган. Аёллар курашида мураббийлар таркиби тўлиқ янгиланган. Эркин ва юнон-рум курашида 5 нафар маслаҳатчи-мураббийнинг хизматига эҳтиёж йўқлиги маълум қилинган, дейилади olimpic.uz сайти хабарида.

–"Токио-2020"дан сўнг терма жамоаларимизнинг иштироки таҳлил қилинди ва камчиликлар кўриб чиқилди. Ўз вақтида маҳоратли спортчи бўлган Адҳам Очилов Ўзбекистон аёллар жамоасини бошқарадиган бўлди. Бу йил асосий эътиборимиз Сербияда ўтадиган 23 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига қаратилган. Боиси, ушбу ёшдаги курашчиларимиз "Париж–2024" олимпия ўйинлари учун асосий даъвогар ҳисобланади. Уларнинг халқаро мусобақаларда тажриба олиши жуда муҳим, – деди таҳлилий йиғилишда Шуҳрат Мамадалиев.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон номидан курашадиган хорижлик спортчилардан имкон қадар воз кечиш, ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни саралаб олишга алоҳида аҳамият қаратиш, спорт тиббиёти ва руҳияти бўйича халқаро тажрибаларни тадбиқ этиш масалалари хусусида таклифлар ўртага ташланди.

Шу ўринда айтиш лозимки, жорий йилнинг 2-8 октябрь кунлари Норвегиянинг Осло шаҳрида эркин ва юнон-рум курашлари бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилади.

Дунёнинг энг кучли жамоалари иштирок этадиган мазкур нуфузли мусобақага тайёргарлик кўриш, унда муносиб қатнашиш бўйича бир қатор давлатларнинг терма жамоалари аллақачон шаклланиб бўлди. Бу ҳақда расмий ахборот воситалари орқали эълон қилинди.

Хўш, ушбу жаҳон чемпионатида Ўзбекистон полвонлари қатнашадими? Миллий олимпия қўмитасида 32-ёзги олимпия ўйинларининг якунлари ва келгусидаги нуфузли мусобақаларга бағишланган таҳлилий йиғилишда бу ҳақда фикр юритилмади.  

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА