Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбек полвони” ва “Прокурор полвони” турнирида кучлилар аниқланди
11:00 / 2025-12-11

Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да кураш бўйича ўтказилган “Ўзбек полвони” ва “Прокурор полвони” мусобақаларини мамлакатимиз ҳакамлари қаторида хорижлик мутахассислар бошқариб боришди.

2021 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур мусобақаларнинг бу йилги беллашувларини баҳолаб боришда Халқаро кураш институти ташаббуси билан юртимизга келган 10 та давлатнинг 16 нафар халқаро тоифадаги ҳакамлари иштирок этди.

“Ўзбек полвони” беллашувларида ҳудудлардаги давлат органлари, муассасалари ва ташкилотларида меҳнат қилаётган 200 нафар маҳоратли курашчилар 7 та вазн тоифасида ғолиблик учун кечган баҳсларда гиламга чиқди.

Миллий спорт туримиз курашнинг жозибаси намойиш этилган шиддатли беллашувларда ўз вазн тоифаларида Жаҳонгиршоҳ Ғаффоров, Отабек Нурматов, Руслан Бегматов, Жамшид Тўхтаев, Меҳрибону Аҳмаджонова, Робияжон Қурбонова ва Диёра Жўрабоева ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Прокуратура ходимлари ўртасида ташкил этилган "Прокурор полвони" республика мусобақасида ўз вақтида якка кураш спорт турлари, хусусан кураш билан шуғулланиб, ички ва халқаро мусобақаларда совриндорликка эришган, бугунги кунда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилаётган 100 нафарга яқин собиқ спортчилар 5 та вазн тоифасида ғолибликка даъвогарлик қилишди.

Ўтказилган беллашувлар сарҳисобига кўра, Тошкент вилояти вакили Ойбек Ҳайитмуродов, Қашқадарё вилояти курашчилари Суярбек Рўзиев ва Жайхунбек Назаров, Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган Азизжон Бобоқулов, сурхондарёлик Учқун Маматраҳимов ҳамда Улуғбек Исмоилов ўз вазнларида олтин медалларни қўлга киритди.

Байрамона ўтган мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар тегишли тартибда медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Т.Рўзиев,

ЎзА