English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек пахтасига бойкот бекор қилингани 331 та халқаро бренд билан ҳамкорликка кенг йўл очди
18:12 / 2022-04-08

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси Оммавий ва ташқи алоқалар департаменти бошлиғи – Ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Унда Шаҳзода Қўчқорова тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш ва янги бозорларга чиқиш бўйича «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.

– Тўқимачилик саноати маҳсулотларига бўлган талаб кундан кунга ошиб бормоқда, – деди Ш.Қўчқорова. – Маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорларда юқори сифати ва экологик тозалиги, харидоргирлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги 5 йил мобайнида тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорти ҳажми кескин ошди. Буни рақамлар асосида изоҳлайдиган бўлсак, 2018 йилда маҳсулот экспорти 1 миллиард доллар, 2021 йилда бу кўрсатгич 3,05 миллиард долларни ташкил этди. Жорий йилги режа эса 4,3 миллиард долларлик маҳсулотларни ташқи бозорга етказиб беришдир.

Ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, бу кўрсатгичларга нималар омил бўлмоқда ва ўсиш учун асосий сабаблар сифатида нималарни кўрсата оламиз?

Ҳукумат томонидан экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, экспорт ўсиши учун тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этиш бунга асосий ечим дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ҳукумат томонидан мажбурий меҳнат билан боғлиқ масалаларнинг тўлиқ бартараф этилиши, пахта етиштиришда давлат буюртмасидан воз кечилиш ва бошқа чоралар сабаб соҳа ривожи учун дадил қадам бошланди.

Яъни 2022 йилнинг март ойида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан 12 йил давом этган ўзбек пахтаси ва ундан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларга эълон қилинган бойкот бекор қилинди. Албатта, бу тарихий воқеа, тўқимачилик саноати вакиллари учун катта имкониятлар эшигини очди. Экспертлар фикрига кўра, бойкот ечилиши 331 та халқаро бренднинг Ўзбекистонга қизиқишини ортишига ва хорижий инвесторларнинг оқимини кучайтиришига олиб келиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Евроиттифоқ бозорига кириш учун 27 та халқаро конвенциялар ратификация қилинди ва бу GSP+ преференциялар тизимини ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига божсиз кириш имконини берди.

Масалан, GSP+ берилгунга қадар 2020-2021 йилларда Евроиттифоқ бозорига 114 та товар коди бўйича 101 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган бўлса, бунда 2021-2022 йиллар 1 чорак (яъни GSP+ берилиши) 210 та код бўйича экспорт ҳажми 210 га (ўсиш сурати 184%) ташкил этди.

Экспортчи корхоналар учун қўшимча қиймат солиғининг қайтарилиши ва айланма маблағлар билан таъминланиши муҳим аҳамиятга эга. «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида уюшма штаби ташкил этилган. Унда корхонабай иш олиб борилмоқда. 2022 йилнинг январь-март ойларида 384 корхонага 796 миллиард сўмлик маблағ қайтариб берилди.

Уюшма томонидан янги бозорларга чиқиш режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, январь-март ойларида 7 та халқаро кўргазмада уюшма бошчилигида 75 дан зиёд корхона иштирок этди. Илк бора ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари Япония, Марокаш ва Миср каби давлатларда ягона “Made in Uzbekistan” стенди билан намойиш этилди. Йил якунига қадар уюшма томонидан 23 та халқаро кўргазмада иштироки этилиши ва тўқимачилик форумлари ташкил қилиниши белгиланган.

Шу йилнинг 31 март куни давлат раҳбари раислигида ўтказилган селектор йиғилишида берилган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш мақсадида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда хорижий давлатларга чиқиш ва ўзбек тўқимачилиги маҳсулотларини глобал ишлаб чиқариш занжирига қўшиш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Апрель ойида Германия, Испания, Корея, Хитой, Бангладеш каби давлатларга бизнес делегациялар юборилиши кутилмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди, ЎзА