Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олимлари вирусга қарши янги препарат яратди
12:22 / 2026-03-06

Грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар дунё аҳолисининг саломатлиги учун энг жиддий хавфлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили минглаб инсонлар вирусли касалликлар билан касалланади. Айниқса, куз ва қиш мавсумида бундай инфекциялар тез тарқалади.

Ўзбекистонда тиббиёт ва фармацевтика соҳасида бу борада илмий изланишлар олиб борилмоқда. Шу йўналишдаги муҳим илмий ишланмалардан бири Ўзбекистон Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан яратилган янги вирусга қарши препарат ҳисобланади. Олимлар томонидан ишлаб чиқилган “ЦелАгрип” препарати вирусларга қарши фаолликка эга бўлиб, интерферон индуктори сифатида баҳоланмоқда.

“ЦелАгрип” препарати организмга бевосита вирусга қарши таъсир кўрсатишдан кўра, инсон иммун тизимини фаоллаштириш орқали ҳимояни кучайтиради. Яъни, препарат организмда интерферонлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Интерферонлар эса вирусларга қарши табиий ҳимоя вазифасини бажарувчи муҳим оқсиллардан ҳисобланади.

Натижада организм вирус билан курашишга олдиндан тайёр ҳолатга келади. Бу эса касалликнинг оғир кечишини камайтириш, организмнинг қаршилик кучини ошириш ҳамда инфекцияларнинг ривожланиш эҳтимолини пасайтиришга хизмат қилади. Ҳозирги кунда, “ЦелАгрип” дори воситасининг барча норматив-техник ҳужжатлари лойиҳалари тайёрланган.

Вирусли касалликларнинг кенг тарқалиши шароитида профилактика ва иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган препаратлар алоҳида аҳамиятга эга. “ЦелАгрип” каби интерферон индукторлари организмнинг табиий ҳимоя тизимини фаоллаштириш орқали касалликларга қарши курашда самарали восита бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, бундай илмий ишланмалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий фармацевтика маҳсулотларини яратишда муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон олимлари томонидан яратилган “ЦелАгрип” препарати вирусли инфекцияларга қарши курашишда истиқболли илмий ишланмалардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Илмий изланишлар асосида яратилаётган бундай дори воситалари соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва миллий илм-фан салоҳиятини намоён этишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА