Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олимлари парчаланувчи биоплёнка ишлаб чиқди
08:00 / 2026-02-12

Бугунги кунда пластик чиқиндилар атроф-муҳит учун энг жиддий муаммолардан бирига айланган. Олимларга кўра, у йиллаб тупроқ ва сув ҳавзаларида сақланиб, табиатга ҳам, инсон саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шу шароитда экологик хавфсиз, табиатда ўз-ўзидан парчаланадиган материалларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ана шундай долзарб масалага маҳаллий олимлар томонидан муҳим илмий ечим таклиф этилмоқда.

ЎзР ФА Ўсимлик моддалари кимёси институтининг Юқори молекулали ўсимлик моддалари кимёси лабораторияси олимлари маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза, тўлиқ биопарчаланадиган плёнка олишнинг янги, оптимал ретсептурасини ишлаб чиқди.

Яратилган биоплёнкалар ташқи кўриниши ва механик хусусиятлари жиҳатидан кенг қўлланилаётган синтетик полиэтилен плёнкаларга ўхшайди. Бироқ уларнинг энг муҳим фарқи — табиат учун мутлақо хавфсиз. Ушбу плёнкалар тупроқ ва сув муҳитида осон парчаланиб кетади ва атроф-муҳитга зарар етказмайди.

Илмий ишланманинг яна бир муҳим жиҳати, унинг маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида яратилганидир. Бу эса маҳсулотнинг экологик тозалигини таъминлаш билан бирга, маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланиш имконини ҳам яратади.

Мазкур биоплёнкалар айниқса, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати учун истиқболли ҳисобланади. Бу соҳаларда қўлланиладиган ўрам материалларининг хавфсиз бўлиши жуда муҳим. Биопарчаланадиган плёнкалар эса ушбу талабларга жавоб бериб, пластик чиқиндилар ҳажмини камайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ишланма пластик чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларни камайтиришга қаратилган муҳим илмий-амалий ечим ҳисобланади. Атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун хавфсизлиги эса ушбу ишланманинг аҳамиятини янада оширади.

Ўзбек олимлари томонидан ишлаб чиқилган биопарчаланадиган плёнка экологик муаммоларни ҳал этишга шу тариқа ҳисса қўшади. Маҳаллий ўсимлик хомашёсига асосланган, табиатда осон парчаланадиган бу материал  пластик чиқиндиларга муқобил сифатида катта имкониятларга эга бўлиб,  “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.  

М.Эшмирзаева,  

ЎзА