Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Муҳаммадиева Дилдора Қобуловна бошчилигидаги илмий жамоа кўкрак бези саратонини эрта босқичда, ҳатто клиник белгилар пайдо бўлишидан олдин аниқлай оладиган сунъий интеллектга асосланган дастур ишлаб чиқди.
Ушбу илғор тизим микрокалсинатлар ва бошқа хатарли ўзгаришларни рентген тасвирларида аниқлаш орқали касалликни эрта босқичда ташхислаш имконини беради. Тажрибавий босқичда дастур 3000 беморнинг тасвирларини тўғри таҳлил қилиб, 96 фоизлик аниқлик билан самарали ишлади.
Дастур реал вақт режимида масофавий тасвирларни қайта ишлаш имконига эга бўлиб, бу эса уни амалий тиббиётда кенг татбиқ этиш имконини яратади. Шунингдек, тизимда касалликнинг тарқалиш босқичига қараб ташхис натижаларини рангли шкалалар асосида ифодалаш имконияти мавжуд: яшил – хавф йўқлиги, кўк – кузатув кераклиги, қизил – зудлик билан текширув ва муолажа зарурлигини билдиради.
Дастур асосий рентгенологик белгилар – микрокалсинатлар, уларнинг зичлиги, шакли ва кластерли жойлашувини аниқлашда самарали ишлайди. Бундан ташқари, сунъий интеллект контурлари нотекис, игнасимон шаклдаги, зичлиги юқори бўлган шишларни ҳам аниқ ажратиб бера олади.
Профессорнинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа халқаро тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, сунъий интеллект ёрдамида масофадан туриб, юқори аниқликда ташхис қўйишга қодир миллий платформа яратилди.
Лойиҳани янада такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. Тасвирлар сони ортгани сари тизимнинг ишлаш тезлиги ва аниқлиги ҳам ошиб бормоқда.
Ҳамроз Баянов, ЎзА