Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олимининг асарлари Европа тилларида чоп этилди
17:23 / 2022-06-30

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент Давлат шарқшунослик университети қошида «Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази» фаолиятини йўлга қўйиш, бу марказнинг асосий вазифалари қаторида юртимиз қадриятлари ва миллий маданий меросимизни дунё миқёсида тарғиб қилиш масаласи алоҳида қайд этилган.

Мазкур қарорда белгиланган вазифалар амалий ижросини таъминлаш борасида «Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази» самарали фаолият юритиб келмоқда. 

Жумладан, университет профессори Алишер Дониёров муаллифлигида ёзилган «Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги» (Қадимги ва илк ўрта асрлар) номли дарслик жорий йилда Германиянинг «Ламберт» академик нашриёт уйида инглиз тилида чоп этилди. 

Ушбу дарслик хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Шарқ маданияти ва мeросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази директори Нодир Каримов қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Дарслик чоп этилиши билан Европадаги бир қатор нашриёт уйлари дарсликни инглиз, немис, француз, испан, итальян, португал тилларига таржима қилиш таклифи билан чиқди, – деди Нодир Каримов. – Мазкур китоб қисқа муддатда Европа тилларига таржима қилинди. Ҳозирда Amazon.com, morebooks.shop, Lambert интернет дўконларида сотувга қўйилди. 

Мазкур дарсликда Марказий Осиё халқларига оид илмий билимларнинг тўпланиши ва эволюция жараёни тарих фани ривожи контекстида ёритилган. Бунга ҳар бир тарихий даврда жамият ҳаётидаги ижтимоий, иқтисодий ва маданий шарт-шароитларнинг фан ривожига таъсири кўрсатилган. Жамият тараққий қилиши билан тарихий билимларнинг ҳам такомиллашиб бориши катта давр давомида яратилган адабиётлар таҳлили мисолида тақдим қилинган.  

Ушбу дарсликда Марказий Осиё ва хусусан Ўзбекистон халқлари тарихшунослигида бу минтақа тарихига доир мавжуд турли қарашлар, концепциялар таҳлили ва тадқиқотчиликнинг турли замонавий усуллари ифодаланган.   

Дарсликдаги мавзулар кенг қамровли, бироқ асосий мазмун Марказий Осиё халқлари тарихининг турли даврлари ва масалаларига оид манбалар ва илмий адабиётлар мантиқий кетма кетликда тақдим қилингани билан яхлит илмий-тарихий манзарани яратади.  

Бу китобдаги материаллар «яхлит» бир тарзда ҳудудий ҳодисалар ва жараёнларни ёритишга бағишланган адабиётлар таҳлили орқали, уларни кузатиш имконини бериб, мазкур ҳудуд «глобал тарих»нинг тўлақонли субъекти эканлигини кўрсатади.  

Марказий Осиёнинг қадимий даврлардан ҳозирга қадар бўлган тарихи турли масалалари тарихшунослигини қамраб олган ушбу дарслик тарих мутахассислиги бўйича таълим олаётган бакалавр ва магистрантларга мўлжалланган. Дарсликнинг якунида билимларни мустаҳкамловчи саволларнинг ўрин олганлиги талабаларда мустақил фикрлаш доирасининг ривожланишига хизмат қилади.  

Дарслик талабаларнинг «Ўзбекистон тарихи», «Марказий Осиё халқлари тарихи», «Марказий Осиё халқлари тарихшунослиги», «Марказий Осиё халқлари этнологияси», «Марказий Осиё ва жаҳон цивилизацияси» ва бошқа ёрдамчи тарих фанларини ўзлаштиришида амалий аҳамиятга эга бўлишига умид қиламиз.  

Қолаверса, ушбу дарслик ёшларда ватанпарварлик ҳисси, тарихга муҳаббат, тарихчи олимларнинг илмий мероси, тадқиқотчилик тажрибасига ҳурмат туйғуларини шакллантириши билан аҳамиятлидир.  

Шунингдек, дарсликдан олимлар, тадқиқотчилар, мустақил изланувчилар ва тарих муаммоларига қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси фойдаланиши мумкин.  

Гулноза Бобоева, ЎзА