Биология фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Шаҳло Турдиқулова Қозоғистон Миллий табиий фанлар академияси академиги этиб сайланди.
Мазкур унвон олимага Қозоғистон Миллий фанлар академияси президиумида топширилди.
Шаҳло Турдиқулова республикамизнинг жаҳонга таниқли олимларидан бири бўлиб, унинг муаллифлигидаги 78 та илмий мақоладан 42 таси чет элда чоп этилган, шунингдек 3 та китоб ва монография муаллифи ҳамдир.
— Кўп йиллар давомида қозоғистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиб, биотехнология ва инсон генетикаси соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бормоқдамиз, — дейди Ш.Турдиқулова. — Бундай тадқиқотлардан бири Марказий Осиё халқларининг келиб чиқиши ва Евроосиё популяциялари билан генетик алоқаларига бағишланган. Натижалар “Nature” журналида чоп этилди.

Ушбу тадқиқотлар минтақамиздаги энг кўп тарқалган касалликларнинг генетик асосларини, шу жумладан янги туғилган чақалоқларнинг генетик патологияларини аниқлашга ёрдам берди. Бугунги кунда бизнинг тадқиқотларимиз натижалари Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида қўлланилиб келинмоқда. Кўпроқ неонатал скрининг тест тўпламлари ва тижорат генетик паспортини ишлаб чиқишда фойдаланиляпти. Бу фуқароларимизнинг соғлиғи ва ҳаёт сифатини яхшилашдаги муҳим қадамдир.
Шунингдек, олима илғор технологиялар марказида инсон генетикаси ва биотехнологияси бўйича илмий мактабга асос солган ва Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашда катта ҳисса қўшган. Ҳозирда у мазкур марказни бошқаради.
Н.Раҳмонова, ЎзА