Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олималари – жамият ривожининг муҳим таянчи
14:04 / 2026-02-11

Пойтахтимизда Марказий Осиё олималари илмий конференцияси – "SheSCIENCE – 2026" халқаро илмий анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур нуфузли анжуман, умуман, мамлакатимиз хотин-қизларининг илм-фанда тутган ўрни ва аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова қуйидаги фикрларни билдирди:           

– 11 февраль – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни сифатида кенг нишонланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистон инновациялар замонида ўз тарихий  мероси ва қадриятларини унутмаган ҳолда жадал ривожланмоқда.

Дунёда глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган, тинчлик ва барқарорликка таҳдидлар пайдо бўлаётган зиддиятли даврда инсоний қадриятлар, сиёсий барқарорлик ва тараққиётга ҳисса қўшишда хотин-қизларнинг ўрни аҳамиятли.

"Янги Ўзбекистон - маърифатпарвар давлат" тамойили бўйича белгиланган вазифалар жамиятимизни янги босқичга кўтариш, илм-фан соҳасида имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилувчи омилдир. Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга. Маърифатпарвар боболаримиз “Аёл юксалса, юксалур башарият”, деб айтиб ўтганлар.

Кўҳна тарих Сароймулкхоним, Фотима бинти Муҳаммад Самарқандия, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Қутлуғ Нигорхоним, Гавҳаршодбегим, Увайсий, Дилшод Отин, Анбар Отин, Меҳр Султонхоним, Самарбону сингари юзлаб мўътабар ва маърифатпарвар илм-фан ва маданият тараққиётида беқиёс ҳисса қўшган аёлларимизнинг миллат шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳ. Момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этмоқда.

Мамлакатимиздаги янгиланиш жараёнларида илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси илм-фан, маърифат, таълимга асосланади, инсонпарварлик билан озиқланади.

Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланган сифатли таълим тамойили бугун амалиётга кенг татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг таълим олишдаги имкониятларини ошириш вазифалари мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Президентимизнинг “Аёлларга илм бериш – жамиятни илмли, маърифатли ва салоҳиятли қилиш”, деган ғоялари ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 262 минг нафар хотин-қизнинг IT-саводхонлиги оширилгани бунинг ёрқин мисолидир. “InnoWomenWeek” ҳафталиклари, “Ихтирочи аёллар”, “Фан ва техника тараққиётида хотин-қизлар” каби халқаро форумларда ўзбек аёлларининг инновацион стартаплари, сунъий интеллект ва илм-фан соҳасидаги лойиҳалари жаҳон миқёсида эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди. Хотин-қизларнинг олий таълим билан қамрови 54 фоизга етди. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларга алоҳида давлат томонидан ёрдамлар ажратилиб, давлат гранти икки баробарга, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар учун квота беш баробарга оширилди.

Аёллар учун фоизсиз таълим кредитлари жорий этилиб, магистратурада таълим олиш тўловлари давлат бюджети ҳисобидан, қайтариш шартисиз қоплаб берилмоқда.  

Пировард натижада, олий таълимдаги талабалар орасида хотин-қизларнинг улуши қарийб 54 фоизни, магистратурада 65 фоиздан ортиқни ташкил этмоқда.

[gallery-27590]

Шу орқали йил сайин олима аёлларнинг жамиятдаги улуши ошиб бормоқда. Бу эса, оилаларда маънавий барқарорлик, ёшларнинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашга замин яратмоқда.

Аёлларнинг қарор қабул қилишдаги иштироки давлат бошқаруви тизимининг барқарор ва мувозанатли бўлишига ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, илм-фан соҳасида фаоллик ортиб бормоқда, халқаро майдонда ҳам ўз илмий изланишлари билан Ўзбекистон номини дунёга танитаётган хотин-қизларимиз сафи кенгаймоқда.

Ҳозирги кунда глобал миқёсда тадқиқотчилар орасида аёллар улуши тахминан 33 фоизни ташкил этади. Марказий Осиё эса ушбу кўрсаткич бўйича юқори натижаларга эришган бўлиб, минтақамизда олималар улуши ўртача 49,6 фоизга тенг.

Бу кўрсаткичлар Марказий Осиёда илмий фаолиятда гендер тенглиги бўйича улкан имкониятлар ва юксак потенциал мавжудлигидан далолат беради. Олималик, умуман илм-фанда бир натижага ва ёки ютуққа эришиш осон иш эмас. Шу боис ҳам олималик мақом, яъни статус, даража сифатида улуғланади.  

Ўзбек олималари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда айниқса фаол изланмоқдалар. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ва гуманитар соҳалар ривожида хотин-қизларимизнинг иштироки салмоқли ўрин тутади.

Бироқ, табиий фанлар, математика, инженеринг, технология ва қурилиш каби соҳаларда аёллар иштироки нисбатан оз бўлиб, бу ҳолат глобал миқёсда ҳам кузатилмоқда. Хусусан, бугун давлат олий таълим муассасаларида SТЕАМ йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг бор-йўғи 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани соҳада гендер мувозанатини таъминлаш ҳануз долзарб эканини кўрсатмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларда илм-фан соҳасида аёллар улушини янада ошириш, ОТМ, касбий таълимда хотин-қизлар улушини 60 фоизга етказиш, эҳтиёжманд қизларнинг ОТМга давлат грантлари ҳисобидан ўқитишни таъминлаш, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш, аёллар инновацияларини қўллаб-қувватлашда уларнинг улушини 50 фоизга ошириш каби масалаларга устувор эътибор қаратилган.  

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, жумладан, уларнинг таълим олиш имкониятларини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жумладан,  иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича аниқ мақсадлар белгиланиб, Ўзбекистон модели изчиллик билан жорий этилмоқда.

Бу борада жорий йилда рақамли технологияларга қизиқиши бўлган 100 минг хотин-қизни IT соҳасида ўқитиш, SТЕАМ соҳасида хотин-қизлар улушини 38 фоиздан 50 фоизга етказиш, иқтидорли хотин-қизларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг сафини 115 минг нафарга етказиш кўзда тутилган.

Бугунги конференция дастуридаги барча мавзулар ўта долзарб, минтақа мамлакатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга ва ҳар бир давлатнинг кун тартибида турибди, десак муболаға бўлмайди.

Шу сабабли мақсадимиз, ўз тажрибаларимиз билан ўртоқлашиш, хотин-қизлар учун тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар ва самарали ҳамкорлик механизмларини таклиф этишдан иборат.

Ушбу фурсатдан фойдаланиб соҳада олдимизда турган бир қатор муҳим вазифаларни қайд этиш лозим. Жумладан, ёш олималарнинг минтақавий илмий лойиҳалар ва стажировкаларга кенг жалб қилиш орқали рағбатлантириш, минтақадаги олий таълим ва илмий муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш, олималар томонидан минтақадаги долзарб муаммолар, хусусан, сув танқислиги, глобал иқлим ўзгаришлари таъсирини юмшатишга қаратилган биргаликдаги илмий тадқиқотлар ва лойиҳаларни кўпайтириш муҳим.     

Тадқиқотлар натижалари асосида илмий асосланган ечимларни минтақа миқёсида Ҳукуматларга тақдим этиб бориш таклиф этилади.

Марказий Осиё олималари илмий конференцияси  – “SheSCIENCE – 2026” халқаро илмий анжумани иштирокчилари томонидан билдириладиган конструктив таклиф ва тавсиялар минтақавий ҳамкорлик ҳамда илмий салоҳиятни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

ЎзА мухбири  

Назокат Усмонова ёзиб олди.