31 август — “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни”
Ўзбекистонда вужудга келган илк ҳарбий фаолият ва ўзбек миллий ҳарбий кадрларининг қатағон этилиши билан боғлиқ воқеалар ҳали кўпчиликка маълум эмас. Чунки юртимизда миллий армия вужудга келишига оид барча махфий архив ҳужжатлар 1920 йилда Москвага олиб кетилган.
Ҳозирда улар Россия Федерациясининг Россия Давлат ҳарбий архиви (РГВА)да сақланмоқда. Бугун совет ҳокимиятининг ҳарбий кадрларга нисбатан олиб борган қатағон сиёсати рус, поляк ҳарбий мутахассислари мисолида тадқиқ этилган бўлса-да, ҳали ўзбек миллий ҳарбий кадрларининг йўқ қилиниши тадқиқот сифатида ўрганилмаган. Ваҳоланки, 1937-1938 йиллардаги оммавий қатағонлар даврида ўзбек миллий ҳарбий кадрларидан Саид Азаматбек Худоёрхонов, Миркомил Миршаропов, Ризо Ёқубов, Мирсаид Шомирбоев каби 100 га яқин ўзбек ҳарбий кадрлари қатағон сиёсатининг бегуноҳ қурбонига айланганлар...
Афсуски, “Катта қирғин” сиёсати 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизиясининг сиёсий бўлим раҳбари Юнус Наримоновни ҳам четлаб ўтмади. Юртимизнинг миллий ҳарбий фаолиятига тамал тошини қўйган шахслардан бири Юнус Наримонов 1898 йил сентябрда Тошкентда ёлланма меҳнат билан шуғулланувчи ҳунарманд оиласида туғилган. У ҳарбий фаолиятини Туркистон фронти ҳарбий тузилмаларида турли вазифаларни бажаришдан бошлади. 1918 йилнинг февраль-август ойларида Туркистон фронти партия дружинасида взвод командири, 1919 йилнинг сентябридан 1920 йилнинг декабригача Туркистон фронти ҳудудий полкининг рота командири бўлиб фаолият юритган. Кейинроқ Туркистон фронтига қарашли 29-мусулмон пиёда қўмондонлик курси комиссари этиб тайинланган. Шундай қилиб у бир неча йиллар оралиғида ҳарбий фаолият ва уни ташкил этиш билан боғлиқ қатор муҳим ишларни адо этди.
32 МИНГГА ЯҚИН ҚУРБОН
1937 йил совет матбуотида “ҳарбийлар иши” деб аталган суд жараёни эълон қилинади. Унда СССР Қизил армияси ҳарбий бошлиқларининг кўпчилиги Сталин томонидан қораланди. 1937 йил 11 июнда СССР Олий судининг махсус иштирокида Қизил армиядаги ҳарбий-фашистик фитна билан боғлиқ жиноий иш кўриб чиқилган. СССР Қизил армиясининг М.Н.Тухачевский, И.Е.Якир каби кўзга кўринган ҳарбий мутахассислардан жами 8 таси ўлим жазосига ҳукм қилинган. Шундан сўнг Қизил армияда ёппасига қамоққа олишлар бошланди. 1937-1938 йилларда Қизил армиядаги маршаллардан тортиб оддий аскарларгача умумий 32 мингга яқин киши қатағон қилинган. Ўшанда 39 ёшли Юнус Наримонов ҳам кўплаб ҳарбийлар қатори Сталин қатағонининг бегуноҳ қурбонига айланди.
ШАҲОДАТ КАЛИМАСИ УЧУН АЙБЛОВ
Юнус Наримонов 19-Ўзбек тоғ-отлиқ дивизияси қисмларида миллий аксилинқилобий исёнчи ташкилотга аъзоликда айбланиб, 1937 йил 12 сентябрда қамоққа олинди. Унинг шахсий ҳужжатлар тўпламига кўра, тергов жараёни уч ой давом этган.
Баённомалардан бирида қайд этилишича, у диний фанатизм ва “босмачи”ларга хайрихоҳликда айбланган. Бундай айбловга сабаб, 1921 йилда Наримоновнинг чап қўлига ислом динидаги шаҳодат калимаси (“Оллоҳ ягона, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад (с.а.в.) Оллоҳнинг элчисидир”)нинг татуировка қилинганлиги эди. Наримонов татуировкани қамоққа олинмасдан беш кун олдин Самарқандда жойлашган ҳарбий госпиталга бориб, жарроҳлик йўли билан ўчиртиришга муваффақ бўлади. Аммо бу ҳолат Юнус Наримоновни тергов қилган терговчилар эътиборидан чет қолмади.
Ўз ССР Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги (НКВД) майори Апресян ҳамда СССР Прокурори Вышинскийлар тасдиқлаган айблов хулосасига кўра, Юнус Наримоновга бир киши бутун умри давомида адо этиб бўлмайдиган айбловлар қўйилганлигини кўриш мумкин. У миллий аксилинқилобий ташкилотга аъзоликда, унинг фаолиятида иштирок этганлик, миллий жосуслик ташкилоти ташкил этиш ҳамда унга янги аъзоларни жалб қилганлик, Республика миллий аксилинқилобий ташкилоти топшириғига кўра, дивизияни қуролли қўзғолонга тайёрлаш ва Ўзбекистон ССРни СССР таркибидан ажратиб олишда айбдор деб топилди. Шунингдек, Дивизия ҳарбий мутахассисларини миллатчилик руҳида тарбиялаётгани даъво қилиниб, Юнус Наримонов Япония фойдасига жосуслик қилган деб топилди.
АЙБСИЗ АЙБДОР
СССР Олий Суди Ҳарбий Коллегиясининг 1938 йил 10 октябрдаги навбатдан ташқари сессиясида ҳарбий ҳуқуқшунос Алексеев раислигида унинг масаласи кўриб чиқилади. Аммо қизиғи, судланувчи ҳисобланган Наримоновнинг тақдири унинг иштирокисиз ҳал этилди, у суд залига чақирилмади. Мажлис давомида Юнус Наримонов ўзига қўйилган барча айбларни рад этганлиги эслатиб ўтилди. Суд жараёнида шунингдек, Юнус Наримонов томонидан ўзига қўйилган айбловларнинг барчаси туҳмат эканлиги, ҳеч қачон миллий аксилинқилобий ташкилотга аъзо бўлмаганлигини, ҳеч қанақа бузғунчилик фаолияти билан шуғулланмаганлигини айтиб ўтганлиги таъкидланган.
Аммо Юнус Наримонов ўзига қўйилган барча айблар туҳмат ва ёлғон эканлигини барча тергов жараёнларида такрор-такрор айтгани, ҳатто суд раиси Алексеев томонидан ҳам бу ҳақида билдириб ўтилганлигига қарамай, Юнус Наримонов Ўз ССР Жиноят Кодексининг 57-2, 64- ва 67-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, айбсиз айбдор сифатида мол-мулкини мусодара қилиш ва олий жазо – ўлимга ҳукм этилган.
Эркин Ражабов,
Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
ЎзА