Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек маърифатпарварлари тарих зарварақларида
14:47 / 2025-04-30

Цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш ва тарихий хотирани мустаҳкамлаш, маънавий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланган ҳолда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгиланган.

Ҳар бир миллатнинг тарихида ўзига хос буюк инсонлар борки, уларнинг ҳаёти ва фаолияти халқнинг маънавий, илмий ва маданий ривожи учун беқиёс аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг бетакрор ва бой тарихида ҳам шундай ёрқин шахслар мавжудки, ўз даврида улар маърифатпарварлик ғояларини тарғиб қилиб, халқни илмга, маърифатга, эзгуликка ва адолатга ундаган. 

Mиллий ўзликни англаш ва бой тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда, шавқатсиз қатағон сиёсатининг қурбонлари бўлган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат намоёндаларининг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодни Ватанга ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида” ПҚ-270-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Марказ томонидан Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда “Ўзбек маърифатпарварлари тарих зарварақларида” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда юртимизда таҳсил олаётган хорижий талабалар иштирок этишди. 

Семинарда иштирок этган тарихчилар, мутахассислар ўз маърузаларида аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва уларнинг маърифатпарварлик ғоялари, буюк хизматларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини таъкидлаб ўтишди.

Марказ раҳбари Қ.Собиров бугунги семинар халқимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига етказиш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлганлигини, шу билан бирга Президентимиз ташаббуслари ва қарорлари билан буюк шахслар хотирасини тиклаш, улуғлаш, ёш авлод қалбида ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш устувор вазифага айланганлигини алоҳида таъкидлади. Шу ўринда, ушбу тадбирнинг Қатағон қурбонлари хотираси музейи билан ҳамкорликда ва турли миллатга мансуб ёшлар иштирокида ташкил этилгани – халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилишига алоҳида тўхталиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Б.Хасанов ўз маърузасида ноҳақ қатағонга учраган маърифатпарвар зиёлилар хотирасини тиклаш ва абадийлаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар мазмуни, ушбу жараёнда тарихий адолатни тиклаш, маънавий меросни асраб-авайлаш ва ёш авлод онгига миллий ўзликни мустаҳкамлашдек устувор вазифаларни сингдириш муҳимлиги ҳақида фикр ва мулоҳазаларини баён этди.

Ушбу тадбирни ўтказиш орқали ёшлар маърифатпарварлик ҳаракатининг намоёндалари бўлган, сиёсий қатағон қурбонига айланган ўзбек зиёлиларининг ҳаёти ва фаолияти билан таништирилди, маърифатпарварлар жасорати ва фидойилиги орқали ёшлар онгида тарихга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳит яратилди. Ўзбекистонда таҳсил олаётган хорижий талабалар ўзбек маънавияти, тарихий шахслар, қатағон сиёсати оқибатлари ва маърифатпарварлик ҳаракатининг моҳияти ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишди. Тадбир доирасида турли миллат вакиллари ўртасида мулоқот ва тажриба алмашинуви амалга оширилди.

Анжуманда ишитирок этган хар бир хорижий талаба учун бугунги тадбир ўз халқини илм, маърифат ва замонавий тафаккур сари етаклашга ундади десак муболаға бўлмайди. Шу ўринда Тошкент давлат стоматология институтининг Ҳиндистонлик талабаси Murugadass Rohith семинар ҳақида ўз фикр-мулоҳазларини билдирар экан: “Бугунги тадбирда иштирок этиш мен учун жуда катта шараф бўлди. Ўзбек жадид маърифатпарварлари ҳақида маълумотлар билан яқиндан танишар эканмиз, уларнинг ўз халқини илм ва маърифат сари етаклаш йўлидаги фидокорона хизматлари бизга ибрат бўлди. Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбуди каби буюк сиймолар нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам ёшлар учун ибрат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбек жадидчилари ва Ҳиндистондаги маърифатпарварлик ҳаракатлари ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўплигини кўрдим. Жадидлар каби ҳинд маърифатпарварлари ҳам таълимни ислоҳ қилишни миллат келажаги деб билганлигига яна бир бор амин бўлдим”- деб таъкидлаб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорида белгилаб берилган сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштиришга қаратилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг яна бир давомига айланди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА