French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек мақом усталарининг яна бир ютуғи
21:14 / 2025-06-23

Озарбайжон Республикасининг Ағдам шаҳридаги Муғом марказида VII Халқаро “Муғом олами” мусиқий фестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Мазкур фестивалда Ўзбекистон делегацияси ҳам муносиб иштирок этди. Жумладан, Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори Авазбек Шомуродов ва Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ишлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бозорбоев халқаро ҳамкорлик доирасида фестиваль тадбирларида қатнашди. Ҳамюртларимиз шунингдек, Қорабоғ ҳудудида жойлашган Муғом маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Фестиваль якунида турли мамлакатлардан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокидаги чиқишлар, маданий дастурлар ҳамда халқаро ижрочилар танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Бир қатор хорижлик эксперт ва мутахассислар, санъаткорлардан иборат бўлган ҳакамлар ҳайъати таркибида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева раис сифатида фаолият кўрсатди. 

Ушбу мусиқа байрамида ўзбекистонлик иштирокчиларнинг ютуқлари алоҳида эътиборга молик. 

Фестивалда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтининг “Мақом чолғу ижрочилиги” кафедраси катта ўқитувчиси Фарангиз Маҳмудова биринчи ўринга лойиқ топилди. 

Мазкур институтнинг халқаро бўлими ходими, хонанда Дилноза Акбарова ҳамда Хоразм мақом мактаби ўқитувчиси Алибек Сафарбоев учинчи ўринга муносиб топилди. 

Ўзбекистон мақом санъати вакилларининг халқаро миқёсдаги мусиқий мулоқотларда фаол иштироки миллий маданиятимиз нуфузининг ёрқин ифодасидир.

Н.Усмонова, ЎзА мухбири