Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги, "Ўзбекистон киноарбоблари" ижодий уюшмаси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ташаббуси билан “Ўзбек киноси – янги нигоҳ" кино ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур ижодий лойиҳа доирасида “Очиқ эшиклар куни” фильмлар тақдимоти ўз ишини бошлади. Кино ойлик давомида кўплаб қизиқарли ва ранг-баранг тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ойлик доирасида янги суратга олинган ҳужжатли фильмлар намойиши бўлиб ўтди. Жумладан, “Ҳужжатли кино давр нигоҳида” фильмлар танлови доирасида “Умар Камолиддин Саййид Шамсиддин”, “Замон қаҳрамонлари” туркумида “Ижод мукофоти” (Муҳаммад Али), “Оҳанглар олами” (Турғун Алиматов), “Истиқлол шоири” (Маҳмуд Тоир), “Шавкат Аюпов”, “Тошхўжа Хўжаев”, “Ботир Зокиров”, “Зомин бургути”, “Мангу дўстлик ва қардошлик”, “Риштон гўзаллик ва қудрат маскани”, “Илмга бахшида умр” ва бошқа кўплаб янги ҳужжатли фильмлар томошабинларга манзур бўлди.

“Очиқ эшиклар куни” давомида фильмлар премьераси, кинонамойишлар, ижодий учрашувлар: “Тошкент кинофестиваллари тарихи”, “Дубляж санъати тарихи” китоблари ва “ХV Тошкент халқаро кинофестивали” ҳисобот альбоми тақдимоти ташкил этилиши кўзда тутилган.
“Ватан тимсоллари” туркумидаги ҳужжатли фильмлар намойиши, “Янги Ўзбекистон – ёш киноижодкорлар нигоҳида” шиори остида ёш киноижодкорларнинг “Дебют” кинофестивали тантанали очилиш ва ёпилиш маросими, маҳорат дарслари, “Ёшлар ва кино” илмий-амалий конференцияси ҳам мазкур лойиҳага ўзгача руҳ бағишлайди.

Кинематография агентлиги йил якунлари сарҳисоби ва истиқболларига бағишланган “Янги Ўзбекистонда миллий кинематография” кинофоруми, “Ўзбекистонда ёш киноижодкорларни тайёрлашнинг долзарб масалалари: халқаро тажриба ва истиқболли лойиҳалар” халқаро илмий-амалий конференцияси, Халқаро киномактаблар ассоциациясининг таъсис конференцияси бўлиб ўтади.

Шунингдек, “Турксой” халқаро ташкилотига аъзо давлатлар Кинематография соҳаси раҳбарларининг йиғилиши, “Олтин Ҳумо-2023" миллий кинотақдимотининг тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Н.Усмонова, ЎзА