Кейинги йилларда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор натижасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг хорижий давлатлар, айниқса, қардош давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб, янгича босқичга чиқмоқда.
Бу эса мамлакатимиз ёзувчи ва шоирларининг ижодини халқаро миқёсда тарғиб этишда, ўзбек адабиётини юртимиз ҳудудидан олисларда кенг таништиришда ўзига хос омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, Қозоғистоннинг “Тan-Sholpan” (“Тонг юлдузи”) журнали 2023 йилни “Ўзбек адабиёти йили” деб белгилаган. Шу муносабат билан журнал йил бошидан буён ўзбек замонавий адабиёти вакилларининг асарларидан намуналарни қозоқ тилига таржима қилиб, чоп этмоқда.
Журналнинг босмадан чиққан навбатдаги 5-сонида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, ёзувчилар Акбар Мирзо, Ғафур Шермуҳаммад, шоирлар Нодир Жонузоқ ва Хосият Рустамованинг шеър ва ҳикоялари қозоқ тилида нашр этилди.

“Тan-Sholpan” журнали адабий-бадиий нашр бўлиб, икки ойда бир марта 10 минг нусхада Алмати шаҳрида чоп этилади.
Журналнинг йил аввалидан бери чиққан учта сонида атоқли ёзувчиларимиз Хайриддин Султон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Наби Жалолиддин, Уйғун Рўзиев, Рисолат Ҳайдарова, Зулфия Қуролбой қизи, Шойим Бўтаев, Нормурод Норқобиловнинг ҳикоялари, шоирлар Эшқобил Шукур, Фарида Афрўз, Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон, Муҳиддин Омон, Ҳалима Аҳмад, Салим Ашур, Шодмонқул Саломнинг туркум шеърлари қозоқ тилига таржимада чоп этилган эди. Бундай маърифий ҳамкорлик замонавий миллий адабиётимизни қардош халқлар китобхонлари ўртасида тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Усмонова, ЎзА