Мисрнинг таниқли сайтларидан бири egyptian-gazette.com ҳамда cairo24.com нашрларида Ўзбекистон ва Миср маданий-адабий форуми ҳақида мақола эълон қилинди.
Халқларни бирлаштиришда, бир-бирига янада яқинлаштиришда адабиётнинг таъсир кучи ниҳоятда баланд. Бу Қоҳирада бўлиб ўтган адабий анжуманда яна бир бор ўз исботини топди, дейилади мақолада.
Ливан ёзувчиси ва шоири Тагрид Файёд ўзбек маданияти ва адабиётига бағишланган маданий форум ташкил этди. Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Миср, Ливан, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа давлатлардан йиғилган ижодкорлар учун “A journey to the Heart” (“Юракка саёҳат”) ва Ўзбекистонда чоп этилувчи “Inside Kashkadarya” журналларининг тақдимоти бўлди. Шундан кейин Марказий Осиё ва араб давлатлари маданияти форуми ўтказилди.
Форумда иштирок этган Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси маслаҳатчиси Шерзод Ёқубов икки мамлакатнинг маданий-адабий ҳамкорлиги, урф-одатлари муштараклиги хусусида ўз фикрларини билдирди.
“Юракка саёҳат” баёзи ўзбекистонлик ижодкор Aсрор Aллаяров томонидан инглиз тилига таржима қилинган. Кейинчалик бу китоб инглиз тилидан араб тилига Тагрид Файёд томонидан ўгирилган.
—Биз Мисрни қадимги цивилизация бешиги деб биламиз. Мисрда адабиёт юқори даражага кўтарилган. Шубҳасиз, адабиёт турли маданият вакилларини яқинлаштирувчи кучдир. Aраб тилини тўлиқ тушунмасам ҳам, шеърларни юракка яқин ҳис қилдим. Шеърият тил танламайди, миллат танламайди, деганлари рост экан. Муҳими, туйғуларнинг, кўнгилларнинг яқинлиги, – дейди халқаро анжуманда иштирок этган Ўзбекистон вакили Фарангиз Сиддиқова.
Ливан Маданият маркази директори Тагрид Файёд ва анжуман ташкилотчиларидан Ҳоссам Моҳаммад бу каби ижодий учрашувларни тез-тез ўтказиб туриш ҳамда араб ижодкорларининг асарларини ўзбек тилида чоп этиб, китобхонларга тақдим этиш истаги борлигини билдириб ўтди.