Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Ориф ўзбек адабиётини хорижда фаол тарғиб қилиб келмоқда. Ижодкорнинг навбатдаги китоби “Кешіккен самалдар” (“Кечиккан шамоллар”) номи остида қозоқ тилида нашрдан чиқди.
Китоб Қозоғистон Республикасининг “Атамура” корпорациясига қарашли “Полиграфкомбинат” нашриёти томонидан Олма-ота шаҳрида чоп этилган. Шоирнинг шеърларини таниқли қозоқ шоири ва файласуфи, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муратхан Шоқан таржима қилган.
Мазкур китоб тақдимоти жорий йилнинг март ойида қўшни давлатнинг қатор шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Таъкидлаш лозимки, кўзда тутилган бу тадбирлар ўзбек ва қозоқ халқларининг адабий алоқалари ривожига хизмат қилади.
Шуҳрат Ориф дунё миқёсида ва туркий мамлакатларда ўтказилаётган халқаро адабий анжуманларда фаол иштирок этиб келади. Ижодкорнинг шеърлари шу кунгача 10дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинди. 2025 йилда шоирнинг “Mavi erk” китоби турк тилида Анқарада, “44-куз” китоби қирғиз тилида Бишкек шаҳрида, “The Flying Leaf” (“Учаётган япроқ”) китоби инглиз тилида Деҳли шаҳрида нашр этилди.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан ижодкор “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Шунингдек, шоирнинг туркий халқлар адабий алоқаларига қўшаётган ҳиссаси Туркий маданият халқаро ташкилоти томонидан ТУРКСОЙ медали билан эътироф этилди.
Шуҳрат Ориф ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмасининг ҳам аъзоси ҳисобланади.
ЎзА