Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар ўзига хос ривожланиш йўлидан бормоқда.
Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига туташ ҳудудда бўлиб ўтган очиқ осмон остидаги концерт – “Open Air“ форматидаги мусиқий дастур ”Италия куни”га бағишланди.
Ўзбекистон давлат филармонияси Миллий симфоник оркестри “Булбулча” ёшлар хор жамоаси билан биргаликда италиялик мусиқачилар Людовико Тронканетти (фортепиано) ва Валентина Бои ( сопрано) иштирокидаги концерт дастури мухлисларга манзур бўлди. Италиялик композиторлари Жузеппе Верди ҳамда Энио Мориконе асарлари ижро этилди.
Айтиш жоизки, моҳир пианиночи Людовико Тронканетти Милан консерваториясида таҳсил олган. У яккахон концертлари, дуэт ва камер жамоалари таркибида мусиқий дастурлари билан Европа давлатлари, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларда ижодий сафарларда доимий қатнашади. Валентина Бои Италиядаги нуфузли концертларда ўзининг беткарор овози, бой репертуарини мунтазам тақдим этиб келади.
Ўзбек ва итальян ижрочилари иштирокидаги концерт мухлисларга манзур бўлди. Санъат чегара билмаслиги мазкур концерт давомида яна бир карра ўзининг яққол ифодасини топди.
Н.Усмонова, ЎзА