Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек футболининг 110 йиллиги Наманганда кенг нишонланди
19:41 / 2022-10-10

Бундан бир аср муқаддам, яъни 1912 йилда юртимизда илк маротаба Қўқон шаҳрида тузилган “Мускоманда” (Мусулмонлар жамоаси) ўзбек футболига тарихий асос бўлди. Жамоа ўйинчиларидан Ҳусанхон Муҳитдинов, Охунжон, Акбаржон ва Мўминжон Бойматовлар, Рўзимат ва Исмоил Ниёзовлар миллий футболимиз тарихига бир умрга муҳрланган. “Мускоманда” ўз вақтида Фарғона водийсининг энг кучли ва бошқаларга ўрнак бўла оладиган жамоага айланган.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда миллионлар ўйинни оммалаштириш, ўзбек футболининг 110 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида Республика миқёсида оммавий футбол фестиваллари бўлиб ўтмоқда. Хусусан, мазкур тарихий сана Наманган вилоятида ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.

Байрам тадбирлари хайрли иш билан бошланди. Ўзбек футболининг таниқли намояндалари – собиқ иттифоқ биринчиликларида сермаҳсул ҳужумчига айланган Биродар Абдураимов, “ўзбек пелеси” номини олган Тўлаган Исоқов, Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари Абдулла Асланов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Фахрийлар кенгаши раиси Раҳмиддин Зикрияев, таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаевлардан иборат меҳмонлар миллионлар ўйинини оммалаштиришга салмоқли ҳисса қўшган наманганлик фахрийлар – Анвар Боқиев, Рашид Убайдуллаев ва Камолхон Жамоловлар хонадонида бўлишди. Собиқ футболчиларга ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишланган кўкрак нишони, шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда вилоят ҳокимлигининг совғалари берилди.

Меҳмонлар Наманган вилояти футбол маҳорат мактаби учун янги қуриб фойдаланишга топширилган спорт залнинг очилиш маросимида ҳам иштирок этишди. Бўлажак футбол юлдузларига эсдалик совғалари топширилди.

Фестиваль доирасида “Маърифат маркази”да Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги сектор раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари ўртасидаги мулоқотда вилоятда футболни кенг қулоч ёздириш, айниқса болалар футболини ривожлантириш борасида сўз юритилиб, бу борадаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

[gallery-9084]

Юбилей муносабати билан Наманган шаҳридаги “Марказий” стадион захира ўйингоҳида бўлиб ўтган Ўзбекистон футбол фахрийлари ва наманганлик фахрийлар ўртасидаги ўртоқлик ўйини чинакам шоуга айланди. Учрашув аввалида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов йиғилган барча мухлисларни футболимизнинг 110 йиллиги билан самимий табриклади. Футбол ривожи йўлида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

4:4 ҳисоби қайд этилган ушбу учрашув фахрийлар ўйинига хос бўлмаган қизиқарли онларга бой тарзда кечди. Голларга меҳмонлардан Павел Соломин (2 та), Равшан Эрматов, Одил Аҳмедов муаллифлик қилган бўлса, мезбонлардан шу куни майдонда ҳаракат қилган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов 3 та гол уриб, “хет-трик”ка эришди. Миллий чемпионатлар тарихида биринчилардан бўлиб рақиблар дарвозасига 100 та тўп киритган Шуҳрат Мирхолдиршоев ҳам ҳужумкорлик даврини ёдга олди.

Дарҳақиқат, ишқибозлар Усмон Асқаралиев, Зафар Мусабоев, Азамат Абдураимов, Рашид Ғофуров, Сайдулло Турсунов, Одил Аҳмедов, Шерзод Жўраев ва Санжар Асқаралиев каби яқин ўтмишнинг моҳир футболчилари ҳозир ҳам спорт формасида эканлигини кўриб, ажойиб томошадан баҳраманд бўлишди. Шоу учрашувнинг барча иштирокчилари вилоят ҳокимлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси делегацияси аъзолари Давлатобод туманидаги “Ёш-куч” ўйингоҳида ташкил этилган фестивалда қатнашди. Наманган вилояти футбол маҳорат мактабида яратилган шароитлар меҳмонларга катта таассурот қолдирди. Футбол академиясида тарбияланаётган болаларга эсдалик совғалари улашилди. Ёш футболчиларни тайёрлаш борасидаги фидойилиги учун Шокиржон Қорабаев ва Ғанишер Исмоиловларга миннатдорлик билдирилиб, уларга махсус мукофот топширилди.

Мамлакат суперлигаси 21-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Динамо” учрашувидан аввал ташкил этилган тантанали байрам маросими минглаб мухлисларга завқ бағишлади. Мамлакат футболи ривожига салмоқли ҳисса қўшган бир қатор фахрийлар, мутахассислар, ҳомий ташкилотлар ва мухлисларга “Ўзбекистон футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишонлари топширилди.

– Наманганда бўлиб ўтган катта футбол байрами бутун мамлакатимиз учун унутилмас шодиёнага айланди, – дейди 1994 йилда Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлган XII Осиё ўйинлари ғолиби Азамат Абдураимов. – Ўзим ҳам 1992-1995 йилларда “Навбаҳор” жамоаси сафида туп сурганим учун гуллар шаҳрида футболни қанчалик қадрлашларини яхши биламан. Бугунги фестиваль ушбу фикрларимни яққол тасдиқлайди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.