Муносабат
Замоннинг шиддат билан ўзгариши, инсониятнинг яшаш ва тафаккур тарзи, турмуш даражаси ҳамда фаолияти юксалиб бориши баробарида барча жабҳаларда янгиланишлар жуда тез амалга оширилмоқда. Жамиятда умргўзаронлик қилаётган ишчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг барча қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва сингдириш, жисмонан ва маънан баркамол фарзандларни тарбиялаш борасида ҳам охирги йилларда улкан янгиланишлар кўзга яққол ташланмоқда.
Эндиликда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт инфратузилмасини тамоман янги босқичга олиб чиқиш, спорт-соғломлаштириш ишларини тубдан яхшилаш, замонавий анжомлар билан жиҳозланган спорт мажмуаларини қуриш, ишга тушириш, ҳаваскорликдан профессионал спортгача бўлган жараёнлар учун муносиб шарт-шароит яратиш дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан ўрганилаётган янги спорт турларини юртимизда татбиқ этиш устувор аҳамият касб этмоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистонда спортнинг барча турларини, жумладан жамоавий ўйинлардан бири, миллионлаб мухлисларни ўз атрофида жамлаган футболнинг оммавийлигини таъминлаш, таълимнинг барча тизимлари, маҳалла ва гузарларда мазкур спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш, унга муносиб шарт-шароитлар яратиш масаласи Президентимиз томонидан имзоланган “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда ҳуқуқий асосини топди.
Қарорда футболнинг оммавийлигини янада ошириш, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни танлаш, саралаш ва профессионал даражада тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш, тренер ва ҳакамларнинг салоҳияти ва нуфузини ошириш, уларни халқаро талаблар асосида тайёрлаш, маҳоратини юксалтириш, футбол инфратузилмасини замонавий стандартларга мослаштириш мақсади мужассам.

Ҳужжатда назарда тутилган муҳим жиҳатларга тўхталсак. Аввало Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA)нинг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида футболни янада оммалаштиришга қаратилган махсус дастурлари асосида ҳар йили маҳалла ёшлари ўртасида, жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида “Оммавий футбол” (Grassroots) фестиваль ва мусобақалари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мактабларда футбол”, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Талабалар лигаси” республика мусобақалари ўтказилади.
Ёшларнинг футболга қизиқишини ошириш, бу борадаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, уларнинг футбол билан шуғулланиши учун етарли шарт-шароитларни яратиш, аёллар ўртасида футболни ривожлантириш, бу борада узоқ йилларга мўлжалланган истиқболли режа ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг футбол билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳамда улар ўртасида мунтазам мусобақалар ташкил этиш белгиланган.
Терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини яратиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция)нинг рақамлаштирилган тизимини жорий қилиш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш, футбол бўйича малакали тренерлар, ҳакамлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳам назарда тутилган.
Ҳудудларда футбол клублари, болалар ва ўсмирлар, оммавий футболни ривожлантириш мақсадида чет эллик мутахассисларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда футболни тарғиб қилиш ҳамда бу жараёнда юқори даражали ахборот ва мультимедиа маҳсулотларидан фойдаланишни янада кенгайтириш ҳам муҳим жиҳатлардан биридир.
Қарорга биноан давлат олий таълим муассасаларида уларнинг моддий-техника базасидан келиб чиқиб, футбол бўйича доимий фаолият юритувчи секциялар фаолияти йўлга қўйилади. Давлат олий таълим муассасаларидаги мавжуд спорт иншоотлари ва футбол майдонларининг доимий фаолият кўрсатишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Ҳар бир давлат олий таълим муассасасининг футбол ва футзал бўйича жамоаларини шакллантириш ҳамда уларнинг “Талабалар лигаси” дастури доирасида ўтказиладиган республика мусобақаларида тўлиқ иштирок этишини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
Малакали ва иқтидорли футболчиларни тайёрлаш футбол мактабларини қайта ташкил этиш фаолиятини бевосита ташкил этиш жараёнига бевосита боғлиқ. Қарорда мазкур мактабларни юртимизни барча ҳудудларида ташкил этишнинг асослари, манбалари ва моддий-техник базаси аниқ кўрсатилди.
Футбол мактаблари олдида қуйидаги асосий вазифалар қўйилди. Юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни саралаб олиш (селекция) тизимини йўлга қўйиш, болалар ва ўсмирларни футбол билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, болалар ва ўсмирлар ўртасида уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, ҳар томонлама жисмоний камол топишига ва соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантиришга йўналтирилган спорт ва тарбиявий ишлар олиб бориш, болалар ва ўсмирларда футбол билан шуғулланиш қобилиятини эрта аниқлаш ва уларда футболга бўлган барқарор қизиқишни ривожлантириш шулар жумласидан.
Футбол машғулотларини ўтказиш учун малакали тренерлар таркибини танлаш, ўқув-тарбия тизимини ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда спорт захираси ва юқори маҳоратли футболчилар тайёрлаш юзасидан ўқув-машқ жараёнини йўлга қўйиш, барча ёш тоифалари бўйича футбол академиялари ва клубларига маҳоратли спортчиларни етказиб бериш муҳим аҳамият касб этади.
Тажриба алмашиш мақсадида турли футбол ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш, футболчиларнинг спорт маҳоратини, шунингдек, тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг касб малакасини ошириш ҳам белгиланган.
Футбол ўйинларини холислик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этиш учун Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА), Осиё футбол конфедерацияси талабларига мувофиқ VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимидан фойдаланишни янада кенгайтириш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш марказида футбол бўйича “футбол таҳлилчиси”, “футбол селекционери” (скаут), “футбол менежери”, “футбол маркетологи”, “футбол шифокори”, “футбол психологи”, “спорт фармакологи”, “спорт диетологи” каби мутахассисларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.
Энг муҳими, спорт мактаблари тренерлари учун босқичма-босқич Осиё футбол конфедерациясининг тренерлар таълими бўйича талаблари жорий этилиб, хориждан малакали мутахассислар жалб этилади. Асосий мақсад юртимизнинг барча ҳудудларидан ўзига ишонган, шижоатли, иқтидорли ёшларни танлаш ва саралаш асносида профессионал футбол клублари ҳамда миллий терма жамоанинг кадрлар захирасини яхшилаш салоҳиятини кўтариш, аҳолининг барча қатламлари орасида футболнинг оммавийлигини янада ошириш Осиё ва жаҳон биринчиликларида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг иштирокини таъминлашдан иборатдир.
Шавкат ОБИДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия
ва спорт университети
Футбол назарияси ва услубияти
кафедраси мудири, профессор
ЎзА