Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек фармацевтикаси тарихидаги баъзи “биринчилар”
15:19 / 2026-01-15

Инсоният яралибдики, дардга даво излайди, табиатнинг шифобахш неъматларидан шифо қидиради. Бир неча минг йиллик тарихимизга назар ташласак, Абу Али ибн Синодек буюк алломалар қолдирган бой мерос бугунги тиббиётнинг пойдевори эканига гувоҳ бўламиз. Бироқ халқ табобатидан замонавий, илмий асосланган фармацевтика соҳасига ўтиш жараёни осон кечмаган. Бу йўлда ўзига хос ўзгаришлар, илк қадамлар ва жасоратли шахслар тарихи мавжуд.

Ўзбекистонда доришунослик соҳасининг профессионал тарзда шаклланиши XX аср бошларига тўғри келади. Бу шунчаки дўкон очиш ёки гиёҳ сотиш эмас, балки соҳани илмий изга солиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлидаги жиддий ҳаракатлар эди. Манбалар бизга ушбу соҳада “биринчи” бўлган айрим муҳим саналар ҳамда шахслар ҳақида сўзлайди. Қуйида келтириладиган ҳар бир тарихий лавҳа тиббиётимизнинг бир саҳифадир.

Туркистондаги илк фармацевтика жамияти

1907 йилнинг 12 январь санасида ўлкамиз тиббиётитарихидаги муҳим воқеалардан бири содир бўлди. Тошкент шаҳрида Ўрта Осиёда биринчи бўлиб Туркистон фармацевтика жамияти ташкил этилди. Ушбу воқеага қадар ҳудудда дори-дармон савдоси ва тайёрланиши тарқоқ, аксарият ҳолларда назоратсиз ҳолатда эди. Мазкур жамиятнинг тузилиши соҳа вакилларини бирлаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш йўлидаги илк жиддий қадам саналади. Жамият ўз олдига дорихоналар фаолиятини тартибга солиш ва сифатсиз маҳсулотлар тарқалишининг олдини олишни мақсад қилган эди.

Бу ташкилот нафақат назорат органи, балки ўзаро тажриба алмашиш майдони вазифасини ҳам ўтаган. Жамият аъзолари турли юқумли касалликларга қарши курашиш, дори воситаларини тўғри сақлаш ва тарқатиш бўйича янги қоидаларни ишлаб чиқишган. Ушбу сана Ўзбекистон ҳудудида фармацевтиканинг ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган профессионал соҳага айлана бошлаганини англатади.

Биринчи ўзбек фармацевти

Тарихни шахслар яратади. Ўзбек халқининг илк профессионал фармацевти Мусахон Миразимов ана шундай фидойи инсонлардан бири эди. У ўз даврининг нуфузли илм даргоҳларидан бири бўлган Қозон университетида таҳсил олиб, дорихона ёрдамчиси даражаси учун жиддий синовлардан муваффақиятли ўтади. XX аср бошида маҳаллий аҳоли вакиллари орасидан Европа андозасидаги олий маълумотга эга мутахассислар етишиб чиқиши камёб ҳодиса эди. Мусахон Миразимов ўз билими ва иқтидори билан бу тўсиқларни енгиб ўтди.

У 1909 йилдан 1917 йилга қадар Тошкент ва Қўқон шаҳарларидаги дорихоналарда фаолият юритди. Кейинчалик эса республика дорихоналар бошқармаси тизимида масъулиятли вазифаларни бажарди. Унинг фаолияти фақат дори тайёрлаш билан чекланиб қолмай, балки ёш мутахассисларга устозлик қилишни ҳам қамраб олганди. Унинг кўп йиллик самарали меҳнати ва халқ саломатлиги йўлидаги хизматлари муносиб баҳоланди. 1943 йилнинг сентябрь ойида, Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир палласида, Мусахон Миразимовга тиббиёт ходимлари орасида биринчилардан бўлиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор” фахрий унвони берилди. Бу унвон унинг заҳматли меҳнатига берилган юксак баҳо эди.

Минтақадаги илк фармацевтика институти

Соҳа ривожи учун фақат амалиётчилар эмас, балки чуқур назарий билимга эга олимлар ва мутахассислар зарур эди. Бу эҳтиёж 1937 йилда Тошкент шаҳрида Ўрта Осиёдаги биринчи Фармацевтика институти (ҳозирги Тошкент фармацевтика институти)нинг ташкил этилиши билан қондирилди. Мазкур олий ўқув юртининг очилиши минтақада тиббий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқди. Эндиликда мутахассисларни четдан чақиришга ҳожат қолмади, балки маҳаллий ёшлар орасидан кадрлар тайёрлаш имконияти пайдо бўлди. Институт қисқа вақт ичида илм-фан ва таълимнинг марказига айланди.

Институт нафақат талабаларга билим берди, балки доришунослик соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ қилувчи илмий лаборатория вазифасини ҳам ўтади. Маҳаллий шифобахш ўсимликларни ўрганиш, янги дори воситаларини кашф этиш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш ишлари айнан шу даргоҳда бошланди. 1937 йилда қўйилган ушбу пойдевор бугунги кунда ҳам Ўзбекистон фармацевтика саноатининг таянчи бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу даргоҳдан етишиб чиққан минглаб мутахассислар нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам саломатлик посбони бўлиб хизмат қилмоқдалар.

Фармацевт олимларнинг илк илмий уюшмаси

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда илм-фанни қайта тиклаш ва ривожлантириш ҳаётий заруратга айланган эди. 1948 йилда Тошкентда Ўзбекистонда биринчи марта Фармацевтларнинг республика илмий тиббиёт жамияти тузилди. Бу ташкилотнинг вужудга келиши соҳадаги илмий изланишларни бир тизимга солиш ва тадқиқотчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилди. Агар 1907 йилдаги жамият асосан амалий масалалар билан шуғулланган бўлса, 1948 йилдаги жамият илмий-назарий масалаларни кун тартибига қўйди.

Жамият қошида ўтказилган анжуманлар, илмий баҳслар ва тажриба алмашинувлар Ўзбекистонда фармацевтика фанини ривожлантирди. Олимлар дори воситаларининг кимёвий таркиби, таъсир этиш кучи ва ножўя оқибатларини чуқур ўрганишга киришдилар. Бу жараён миллий фармацевтика мактабининг шаклланишини тезлаштирди. Илмий жамият фаолияти туфайли кўплаб нодир асарлар, қўлланмалар ва илмий мақолалар дунё юзини кўрди. 

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА