English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек енгил атлетикачиси олимпия чемпионини ортда қолдирди
11:01 / 2022-02-16

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Токио олимпиадаси иштирокчиси Сафина Саъдуллаева Европа қитъасида ўтаётган халқаро турнирлардаги иштирокини муваффақиятли давом эттирмоқда.

Гарчи кўҳна қитъа баҳсларида Саъдуллаева енгил атлетиканинг баландликка сакраш мусобақаларида совринли ўринларга кўтарила олмаётган бўлса-да, бир қатор аҳамиятли натижаларни қайд этди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар тарқатди. 
Жумладан, Чехиядаги халқаро турнирда у 1.92 метр баландлик натижасини 1 смга яхшилашга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, бу Осиё қитъаси вакилалари орасида мавсумдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб турибди.

Бу гал ҳамюртимиз Словакиядаги мусобақада қатнашди. Анъанага мувофиқ, турнир ёпиқ иншоотда ўтказилди. Унда бир қатор олимпия ўйинлари совриндорлари, жаҳон чемпионлари иштирок этди.

Муросасиз баҳсларда ҳамюртимиз 1.93 м натижа билан тўртинчи поғонани эгаллади. Сафина қўшимча кўрсаткичлар эвазига Олимпиада чемпиони россиялик Мария Ласицкенени ҳам ортда қолдиришга муваффақ бўлди.
Мазкур турнирда совринли ўринларни Австралиянинг беш карра чемпиони, Рио ва Токио олимпиадаси иштирокчиси Леанор Паттерсон, украиналик Токио олимпиадаси бронза медали соҳиби Ярослава Магучих ва  Черногория спортчиси, ёшлар ўртасида Европа чемпиони Мария Вукович эгаллади.
Истеъдодли енгил атлетикачимизнинг кучлилар орасида халқаро мусобақани 4-ўринда якунлаши Ўзбекистон енгил атлетикасининг ўзига хос ютуғи бўлди, дейиш мумкин.

Т. Рўзиев, ЎзА