Хабар берганимиздек, Португалиянинг Алмада шаҳрида дзюдо бўйича мукофот жамғармаси 100 000 АҚШ долларини ташкил этувчи гран-при мусобақаси давом этмоқда.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра мусобақанинг иккинчи кунги баҳслари Ўзбекистон спортчилари учун омадли кечди.
73 кг вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Муроджон Йўлдошев саралаш баҳсларини муваффақиятли ўтказди.
Финал беллашувида испаниялик Салвадор Касес Рокани билан рўбарў келди. Муросасиз курашда ҳамюртимиз рақибини мағлубиятга учратиб, олтин медалга эга чиқди.
Эътиборлиси, илк бор нуфузли мусобақада иштирок эттган Йўлдошев нуфузли турнирнинг олтин медали билан биргаликда Халқаро дзюдо федерацияси рейтинги учун муҳим бўлган 700 очкони ҳам қўлга киритди.
Бу, маҳоратли спортчимизнинг жаҳон дзюдо майдони сари ташлаган салобатли одими бўлди, дейиш мумкин.
30 январь куни мусобақанинг сўнгги вазнидаги беллашувлар бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА