Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи
12:13 / 2022-09-13

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар жойлашган минтақа буюк иқтисодий ҳамда маънавий-маданий бойлик маконидир. Мазкур макон минг йиллар мобайнида бутун дунёнинг иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатган ҳамда илмий, фалсафий, маънавий ва маданий тараққиёти учун илҳом берган.

Бугунги кунда шиддатли геосиёсий ва иқтисодий янгиланишлар юз бераётган дунёда ривожланиш салоҳияти ҳамда тараққиёт ўчоғи яна Шарқ томон силжимоқда. Дунёнинг турли давлатлари ва нуфузли халқаро тузилмаларнинг ШҲТ билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортмоқда.  

Чунки тарихан қисқа давр ичида ШҲТ нуфузли халқаро ташкилот сифатида жаҳонда мустаҳкам ўрин эгаллади ҳамда унинг самарали фаолияти фақат ташкилотга аъзо бўлган давлатларидагина эмас, балки барча минтақаларда ҳам барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга ғоятда катта ҳисса қўшмоқда. 

Бугунги кунга келиб ШҲТ ҳамжамияти 34 миллион км2 майдонни, яъни Евроосиёнинг 60 фоизини қамраб олган, катта ҳажмдаги қазилма бойликлар ва иқтисодий ресурсларни ўзида жам қилган улкан макондир. Ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисининг сони 3,5 миллиардни, яъни дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади. Иқтисодий салоҳияти бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаб турган Хитой, Ҳиндистон ва Россия каби давлатлар ташкилотнинг фаол аъзолари ҳисобланади. 

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий хавфсизликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси, кўп томонли ва барча учун манфаатли ҳамкорликни илгари суриши унинг халқаро ташкилот сифатидаги жозибадорлигини ошириб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида ташкилот фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар яққол номоён бўлди ва ташкилотнинг жозибадорлиги янада ошди.  

Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда хавфсизлик соҳасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни кучайтиришга, ШҲТнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга, ривожланишнинг янги йўлларини излашга асосий эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, иқтисодий шерикчиликни чуқурлаштириш ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири деб ҳисобланса-да, ташкилотга асос солинган вақтдан бошлаб ўтган йиллар давомида ушбу йўналишга етарли эътибор қаратилмасдан келинаётган эди. Мисол учун, ташкилотга аъзо давлатларнинг ташқи савдо айланмаса 7,5 триллион долларни ташкил қилган бир вақтда, улар ўртасидаги савдо айланмаси 750 миллиард долларни ташкил қилган, холос. 

Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни икки томонлама шаклдан кўп томонлама кўринишга олиб чиқилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мисол учун, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши минтақада ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация масалаларини ечишда муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу транспорт йўлаклари Марказий осиё давлатларини энг йирик дунё бозорларига олиб борувчи қисқа йўналиш ҳисобланиши билан бирга, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Айниқса, Трансафғон коридорининг қурилиши ШҲТ маконининг ажралмас қисми саналадиган, йиллар давомида нотинчлик ҳукм сурган Афғонистонни ривожлантиришда жуда муҳимдир. Давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб, оқилона олиб бораётган сиёсати Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига, уни Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажара олишга қодир ривожланган давлат бўлишига, жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувига кўмаклашишга, ушбу давлатнинг кўп йиллик инқироздан чиқиши учун қулай шароит яратиб беришга қаратилган. 

Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги даврида эришган ютуқлари шахсан Президентимизнинг халқаро майдондаги юксак обрўси ва машаққатли меҳнатининг натижасидир. 

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказиладиган Самарқанд саммити Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Самарқанд саммити ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар –

Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.  

Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган. 

Таъкидлаш лозимки, турли хил манфаат ва қарашларга эга бўлган, айрим масалаларда ҳатто ўзаро зиддиятда бўлган давлатларнинг раҳбарлари бир анжуманда тўпланиши, барча учун манфаатли масалаларни муҳокама қилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи ва шахсан Президентимизнинг халқаро сиёсатдаги тутган муҳим ўрнини кўрсатиб бермоқда. 

Шубҳасиз, Самарқанд саммити ҳам ШҲТ тарихида зарҳал харфлар билан муҳрланиб қолади. Чунки, ушбу саммитда ташкилот фаолиятида муҳим бўлган иккита қарор қабул қилиниши кутилмоқда: янги иштирокчиларнинг қабул қилиниши ва ташкилот ривожланишининг кейинги бочқичининг бошланиши. Яъни, Эроннинг ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб кириши кутилмоқда. Бундан ташқари, қатор араб мамлакатлари ҳам ШҲТ фаолиятига шерик сифатида қўшилишга қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, саммитда ШҲТнинг 21 йиллик тарихида илк бора ташкилот фаолиятини такомиллаштириш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда.  

Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, Самарқандда ўтказиладиган саммит минтақамиз хавфсизлиги ва иқтисодий-ижтимоий тараққиётини таъминлашга, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг жаҳондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшади. 

 

Улуғбек Вафоев, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 
ЎзХДП фракцияси аъзоси
ЎзА