Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбек ботирлари” ғолиблари
16:47 / 2024-02-27

Жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида республикамизнинг барча вилоятлари қатори Наманган ҳам кўплаб нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилмоқда.

Наманган шаҳридаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида эркин ва юнон-рум кураши бўйича катталар ўртасида “Ўзбек ботирлари” биринчи халқаро гран-при турнири бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги, республика Спорт вазирлиги, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, “7-Saber” миллий компанияси ҳамкорлигида уюштирилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Эрон, Грузия каби ўнга яқин давлатлардан келган 300 дан зиёд спортчи 57 килограммдан 130 килограммгача бўлган 12 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди. 

Мусобақанинг эркин кураш ҳамда юнон-рум кураши баҳсларида номдор спортчиларимиз ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўташи билан бирга МДҲ мамлакатларидан ташриф буюрган моҳир курашчилар тажрибасидан сабоқ олди. 

Мусобақанинг юнон-рум кураши беллашувларида 60 килограмм вазн тоифасида Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази аъзоси Алишер Ғаниев, 67 кг вазнда Наманган вилояти спортчиси Шермуҳаммад Шарифжонов, 77 кг вазнда Республика Олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Дониёр Накибов, 87 кг вазнда Фарғона вилоятидан Муҳаммадқодир Расулов, 97 кг вазнда “Токио-2020” Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Наманган вилояти вакили Рустам Аксакалов, 130 кг вазнда Республика олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Темур Насимовга тенг келадиган рақиб топилмади. 

Эркин кураш баҳсларининг якунларига кўра, 57 кг вазнда Республика олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Ғуломжон Абдуллаев, 65 кг вазнда Бухоро вилоятидан Умид Жалолов, 74 кг вазнда Тошкент шаҳридан Разамбек Жамолов, 86 кг вазнда Россия Федерацияси вакили Тажитин Акаев, 97 кг вазнда бухоролик Рустам Шодиев, 125 кг вазнда россиялик Расул Магамедов барча рақибларини енгиб, зафар қучди. 

Халқаро турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ғолиб-совриндор спортчиларга диплом ва мукофотларни топширди. Мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллаган ҳар бир спортчига 15 миллион сўм, иккинчи ўрин соҳибига 8 миллион сўм, учинчи ўрин эгасига эса 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири