French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек бокси янги марра ва ғалабалар сари олға бормоқда
11:57 / 2021-05-06

Президентимиз бошчилигида ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим воситаси сифатида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида Ўзбекистонда кўплаб спорт турлари каби бокс ҳам ёшлар ўртасида жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари спорт оламининг барча нуфузли мусобақалари – Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида юқори натижаларга эришмоқда.

Чарм қўлқоп усталаримизнинг ёрқин ғалабалари, улкан марраларни забт этиши нафақат халқимиз, балки дунё спорт ихлосмандларининг олқишига сазовор бўлмоқда.

ЭНГ ЁРҚИН ҒАЛАБАЛАР

Ўзбекистон бокс терма жамоаси мустақил жамоа сифатида илк бор 1993 йилдан жаҳон чемпионати, 1994 йилдан Осиё ўйинлари, 1996 йилдан эса Олимпия ўйинларида  иштирок этишни бошлади.

Терма жамоамиз бугунга қадар жаҳон чемпионатларида 9 олтин, 14 кумуш ва 18 бронза, жами 41 та медални жамғарган бўлса, Олимпия ўйинларида 4 олтин, 2 кумуш ҳамда 8 бронза, жами 14 та медални қўлга киритди. Чарм қўлқоп усталаримиз Осиё ўйинларида 19 олтин, 12 кумуш, 13 бронзадан иборат 44 медални делегациямизга тақдим этди. Шунингдек, турли ёш тоифаларида ўтган халқаро турнирларда ўзбек боксчилари медалларсиз қайтмаяпти.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2016 йил Ўзбекистон боксчилари учун тарихий натижалар дебочаси бўлди. Жумладан, шу йили спортчиларимиз Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида 3 олтин, 2 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритиб, дунёга ўзбек бокс мактаби қудратини намойиш этди.

2019 йил 6-22 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида дунёнинг 80 га яқин мамлакатидан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган боксчиларимиз З олтин, биттадан кумуш ва бронза медалларини жамғарган ҳолда терма жамоамиз энг юқори поғонадан ўрин олди.

Бундай ютуқлар тасодифий эмаслиги, Ўзбекистон том маънода бокс мамлакатига айланиб бораётганини миллий терма жамоамиз аъзолари яна бир бор бутун дунёга яққол намоён қилди. Мазкур ғалабалар "Ўзбекистон бокс мактаби", "Ўзбекистон боксчилари", деган сўзларни жаҳон спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрлаб қўйди. Бу ғалабаларнинг давомли бўлиши учун эса юртимизда барча имконият яратилмоқда. Жорий йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия ўйинларида ҳам чарм қўлқоп усталаримиз маррани баланд олиб, ғалаба сари интилиши шубҳасиз.

БОКСДА ЮТУҚЛАР КЎП, МУАММО ВА КАМЧИЛИКЛАР ҲАМ ЕТАРЛИ

Бугунги кунда боксни янада оммалаштириш борасида қатор самарали ишлар олиб борилмоқда. Айни кунларда спортнинг ушбу турини ривожлантиришга йўналтирилган 263 та спорт таълим муассасаси  фаолият юритмокда. Улардан 227 таси болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 13 таси спортнинг яккакурашга ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби, 15 таси олимпия захиралари коллежи ва 8 таси олимпия ва миллий спорт турлари бўйича мактаб-интернатидир. Мазкур муассасаларда бокс бўйича ўқув-машғулотларини ташкил этиш учун барча имкониятлар етарли. Мамлакатимизда бокс бўйича мураббийлик фаолияти билан  шуғулланувчилар  сони 1 минг 215 нафарни ташкил этмоқда.

Олимпия ўйинлари туркумидан жой олган бокс энг оммавий спорт турларидан бири экани маълум. Уни янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳозирги кунда ўта долзарб.

Дарҳақиқат, бугунги кунда бокс бўйича малакали спортчи ва кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш, республикада халқаро стандартлар асосида бокс бўйича спорт жиҳозлари ва анжомларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ўқув-машғулотлар жараёнига замонавий илмий-инновацион технологияларни жорий қилиш, спорт тиббиёти бўлимларида ҳудудлардаги боксчиларга кўрсатилаётган диагностика ва профилактика сифатини ошириш, олий маҳоратли боксчилар марказлашган ўқув-машғулот йиғинларини самарали ўтказишлари учун бокс спорт базасини яратиш, бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларини ташкил этиш, миллий тадқиқот ва методик ишларини олиб бориш каби муаммолар бор.

Мамлакатимизда ёшларнинг боксга бўлган оммавий қизиқишини инобатга олиб, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) тизимини янада такомиллаштириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг моддий рағбатлантирилишини яхшилаш, шунингдек, ўзбек боксининг дунёдаги етакчилигини сақлаб қолиш ва давом эттириш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 29 апрель куни "Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор боксдаги муаммо ва камчиликларни самарали ҳал этишда муҳим дастуриламал бўлиши шубҳасиз.

Сабаби, қарорда боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси, мазкур спорт турини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш ҳамда тизимли ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган комплекc чора-тадбирлар белгиланди.

Ушбу концепцияда боксни тизимли ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, устувор йўналишлари, комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш борасида қатор вазифалар белгиланган. Ва бу кўрсатмалар ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакатимиз бокс федерациялари аниқ режа асосида фаолият олиб боради.

Концепция доирасида белгиланган вазифаларни бажаришдан кўзланган мақсад, аввало, боксда эришилган халқаро миқёсдаги етакчиликни сақлаб қолиш. Шунингдек, бокс бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва методик ишларни такомиллаштириш орқали юқори малакали спортчиларни тайёрлаш тизими шакллантирилади.

Бокс ривожланмаётган ҳудудларга тренерлар ва тегишли мутахассисларни юбориш (ротация) орқали ҳудудларда иқтидорга эга бўлган ёшларни саралаш (селекция) ишлари самарадорлиги таъминланади. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг имконият яратиш натижасида улар халқаро стандартлар асосида спорт жиҳозлари ва анжомларини ишлаб чиқара бошлайди. Ўқув-машғулотлари жараёнига замонавий инновацион технологияларни жорий этиш эса сифат кўрсаткичларининг ўсишига замин яратади.

Спорт тиббиёти бўлимларида ҳудудлардаги боксчиларга кўрсатилаётган тиббий диагностика ва профилактика сифатининг оширилиши миллий терма жамоа захирасини ҳар томонлама соғлом ва иқтидорли спортчилар билан  тўлдиришга шароит яратади.

Маҳоратли боксчилар марказлашган ўқув-машғулот йиғинларини самарали ўтказишлари учун бокс спорт базасининг ташкил этилиши уларнинг тайёргарлик даражасида барқарорлик таъминланиб, халқаро майдондаги ютуқлари бардавом бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Ҳудудларда бокс бўйича олий спорт маҳорати мактабларининг ташкил этилиши асносида кадрлар захирасининг узлуксиз бўлишига эришилади.

“ТОКИО – 2020” САРИ ОЛҒА

Жорий йилнинг 23 июлидан 8 августига қадар Токио шaҳридa (Япония) XXXII ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилади. Мазкур Олимпиадада бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 11 нафар спортчи билан иштирок этадиган бўлди. Эркаклар жамоаси тўлиқ таркибда, қизларимиз эса 3 нафар иштирокчи билан Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Давлатимиз рaҳбaрининг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги қaрори юзaсидaн ишлaб чиқилгaн дaстургa кўрa, боксчилaримизнинг зaмонaвий меъёрлaр aсосидa ўқув-мaшғулот йиғинлaрини ўткaзиш, тaжрибa вa мaҳорaтини ошириш, хaлқaро мусобaқaлaргa пухтa тaйёргaрлик кўриши вa улaрдa муносиб иштирок этиши учун бaрчa шaроит ярaтилгaн.

Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурига мувофиқ, Ўзбекистон бокс федерацияси минтақавий федерациялар фаолиятини кучайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, машғулот ва мусобақаларни замонавий талаблар даражасида ташкил этиш учун шароит яратиш, маҳоратли спортчиларни саралаб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ижобий самарасини “Токио – 2020” Олимпия ўйинларида боксчиларимиз шоҳсупага кўтарилиб, давлатимиз мадҳияси баралла янграганда кўришимиз шубҳасиз!

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА