Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек белбоғли кураши бўйича Пан Америка конфедерацияси ташкил этилди
13:53 / 2022-05-04

Яқинда Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида жаҳон белбоғли кураш ассоциациясининг (JBKA) навбатдаги таъсис конгресси бўлиб ўтди.

Ўзбек белбоғли курашининг халқаро аренадаги нуфузи ва оммавийлигини янада ошириш, барча қитъаларда белбоғли курашни кенг ривожлантириш мақсад қилинган мазкур конгрессда ҳамюртимиз, Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси президенти Азизбек Ғаниев ҳамда JBKA бош котиби Артурас Вилейта иштирок этди.

А.Ғаниев раислигида ўтган конгрессда дастлаб ассоциация томонидан белбоғли курашни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга оид ахборот тингланди. Ташкилий масалалар, хусусан, ижроқўм аъзолари сафини кўпайтириш, шунингдек, Пан Америка белбоғли кураш конфедерациясини тузиш таклифи кўриб чиқилди ва маъқулланди. 

Пан Америка белбоғли кураш конфедерацияси президенти этиб бразилиялик Хозе Жилдемар Клементино Де Карвалю сайланди. У белбоғли курашлар бўйича 6-ДАН соҳиби, мураббий, 600 нафар спортчига эга “ADSA” академияси президенти саналади.

Бразилияга ташриф доирасида JBKA раҳбарияти ва Пан Америка белбоғли кураш конфедерацияси вакиллари иштирокида Санту-Андре ва Сан-Паулу шаҳарлари спорт мутасаддилари билан учрашув ўтказилиб, белбоғли курашни ривожлантириш бўйича долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди. Мунозаралардан сўнг томонлар белбоғли курашни Пан Америка қитъасида ривожлантириш бўйича келишувга эришди ва қитъада семинарлар, турнирлар ҳамда чемпионатлар ўтказишга қарор қилинди. 

Самарали ўтган конгрессдан сўнг JBKA етакчилари янги тузилган Пан Америка конфедерацияси аъзолари ҳамроҳлигида “ADSA” жанг санъати академиясида белбоғли кураш бўйича биринчи Пан Америка семинарини ҳам ўтказишди. 600 нафар спортчи иштирок этган мазкур семинарда маҳаллий мураббийлар, спортчилар ва ҳакамларга ўзбек қадимий спорт тури – белбоғли кураш тўғрисида назарий маълумот берилди. Белбоғли курашнинг турли усулларини қўллаган ҳолда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. 



Таъкидланишича, белбоғли курашни ривожлантириш бўйича Бразилиянинг Санту-Андре ва Сан-Паулу шаҳарлари танлангани бежиз эмас. Боиси, ушбу шаҳарлар дунёда спорт турларини ривожлантиришда юқори ўринда туради. 

2021 йил октябрь ойида илк бор белбоғли кураш бўйича Европа чемпионати ўтказилди ва ушбу чемпионат доирасида Европа белбоғли кураш конфедерацияси ташкил этилди. 2021 йил ноябрь ойида Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон чемпионати ўтказилиб, мусобақа арафасида Осиё белбоғли кураш конфедерацияси тузилди.
Энди эса Пан Америка белбоғли кураш конфедрацияси расмий иш бошлади. Навбатдаги вазифа Африка белбоғли кураш конфедерациясини ташкил этиш. 

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонимизда барча соҳалар қатори спорт, хусусан, миллий спорт туримиз саналган белбоғли курашда ҳам янги саҳифалар, янги тарих очилмоқда. JBKAнинг бош мақсади – мамлакатимиз ҳамда жаҳонда белбоғли курашнинг ёшлар орасида оммавийлигини ошириш, уни дунё халқларининг севимли спорт турига айлантириш, ва, албатта, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритишдан иборат.



Отабек ЭШМАМАТОВ.
ЎзА