Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек аёли тимсоли
05:38 / 2021-06-01

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Дилбар Ғуломова "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таниқли давлат ва жамоат арбоби, олима, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилбар Ғуломованинг 80 ёшлик юбилейи муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Бу ҳақда Академия матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, санъат ва маданият арбоблари, олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари, Д.Ғуломованинг фарзандлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларга муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳуқуқларини ҳимоялаш ва истеъдодларини ривожлантириш ҳамда халқимизнинг азалий қадриятларини асраб-авайлаш, диний-маърифат соҳасидаги кўп йиллик самарали фаолияти учун Дилбар Ғуломова “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирлангани тўғрисидаги Президент фармонини ўқиб эшиттирди.

– Таниқли давлат ва жамоат арбоби, қадрли устозимиз Дилбар Ғуломова ҳақиқий маънода ўзбек аёли тимсоли, хотин-қизларимиз учун ўз меҳнат фаолияти, илмий салоҳияти, фидойилиги ва оиласига садоқати ҳамда фарзандлар тарбиясидаги жонкуярлиги билан ибрат мактабини яратди, – деди табрик сўзида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева. – Дилбар опа ўзларининг 40 йилдан ортиқ меҳнат фаолияти давомида мамлакатимизда оила институтини ривожлантириш, хотин-қизларимиз учун фаровон турмуш шароитини яратиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш борасида самарали ва фидокорона хизмат қилди.

Анжуманда Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров ҳам юбилей соҳибасини самимий қутлаб, Д.Ғуломованинг юртимиз маънавий-маърифий ҳаётида кўрсатаётган фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланаётганини эътироф этди.

Дарҳақиқат, ибратли қадриятларни асраб-авайлаш, уни ёш авлодга муносиб етказиш орқали давлатимиз тараққиёти, элимиз фаровонлиги йўлида фидойилик кўрсатган Дилбар Ғуломованинг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятига назар ташласак, ушбу мукофотга том маънода муносиб эканлигини кўрамиз.

Дилбар опа 1941 йил 30 майда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат тўқимачилик институтини муваффақиятли тамомлагач, турли йилларда масъулиятли вазифаларда ишлаган.Жумладан, Тошкент вилояти маҳаллий саноат, маиший хизмат ва коммунал хўжалиги касаба уюшмалари қўмитаси раиси, Тошкент вилояти касаба уюшмалари кенгаши раиси, Республика хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, раис, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари лавозимларида, 2019 йилдан буён эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари сифатида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Дилбар опа давлатимиз томонидан “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан тақдирланган.

Учрашув давомида меҳрибон олима ва жонкуяр инсон Дилбар Ғуломова узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида юртимиз ривожи учун сидқидилдан меҳнат қилганлиги, малакали шогирдлар тарбиялагани эътироф этилди. Ўз навбатида Дилбар Ғуломова кўрсатилган эътибор ва ҳурмат учун давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз, халқимизга ўз миннатдорлигини билдирди.

Н.Усмонова, ЎзА