Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек адибининг китоби Бишкекда нашр қилинди
18:53 / 2025-05-24

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, андижонлик таниқли ҳажвчи адиб Ҳабиб Сиддиқнинг “Амриқолик қўшниларим” китоби Бишкекдаги “Улуу тоолор” нашриётида “Америкалык коңшуларым” номи билан қирғиз тилида чоп этилди.

Адибнинг кўп йиллик ижодидан сараланган ва тўпламдан ўрин олган ҳажвия ва ҳангомаларни таржимонлар Айтмирза Абилқосимов, Учқун Абдилазизов, Тўрабой Жўраев қирғиз тилига ўгирганлар.

Масъул муҳаррир – Қирғиз халқ оқини Марк-абай Ааматов. Сўзбоши муаллифи – филология фанлари доктори Баҳодир Раҳмонов.

Тақризчи – Бегижон Аҳмедов.

Китобдаги карикатураларни рассом Ҳусан Содиқов ишлаган.

–  Ўн босма табоқ ҳажмдаги мазкур тўплам Ҳабиб Сиддиқнинг қирғиз тилида чоп этилган иккинчи китобидир, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Янгибой Қўчқоров. - Уч йил аввал унинг “Нымкесе” (“Нимкоса”) номли китоби қардошлар юртида нашрдан чиққан ва қирғиз китобхонларига манзур бўлгани эътироф этилган эди. Ўзбек ҳажвчи ёзувчисининг асарлари мамлакатимиз сарҳадларидан ташқарида ҳам ўз ўқувчиларини топиб бораётганидан хурсандмиз.

Айтиш керакки, Ҳабиб Сиддиқ 1953 йилда Андижон вилояти Андижон туманининг Бўтақора қишлоғида туғилган. 1976 йилда Андижон пахтачилик – ҳозирги Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг Гидромелиорация факультетини имтиёзли тамомлаган.  

Ўша йилдан бошлаб мазкур институтда илмий-педагогик фаолият билан шуғулланди. Кўп йиллар давомида ушбу олий ўқув даргоҳининг  Маънавият тарғибот маркази раҳбари, маънавият ва маърифат масалалари бўйича проректор вазифасида фаолият юритган.

Ҳабиб Сиддиқ – етмишдан ортиқ илмий-оммабоп мақолалар ва услубий қўлланмалар муаллифи. Турли йилларда унинг “Кар қулоққа танбур”, “Ким ошди савдоси”, “Тўқайга ўт тушса”, “Бедаво дарднинг давоси”, “Инглизча туш” каби ҳикоялар ва ҳажвиялар тўпламлари, “Ҳаёт йўлга ўхшайди” номли публицистик китоби чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзоси.  

Адибнинг самарали меҳнатлари истиқлол йилларида юксак қадрланиб, “Шуҳрат” медалига муносиб топилган.  

Н.Усмонова, ЎзА мухбири