Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги арафасида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган ёзувчи ва таржимон Муҳаббат Йўлдошевага Россиядан ажойиб хушхабар келди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматининг хабар беришича, 30 нафардан зиёд ўзбек ёзувчиларининг 100дан ортиқ асарларини рус тилига бадиий таржима қилиб, уларнинг Россия, Украина, Қозоғистон каби қатор давлатларнинг нашрларида чоп этилишига кўмаклашган Муҳаббат Йўлдошева ўзбек ва рус адабиёти ўртасидаги адабий дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш йўлидаги хизматлари учун “А.С.Пушкин 200 йиллиги” медали билан тақдирланди ва унинг номига раҳматнома эълон қилинди.
Маълумотларга кўра, Муҳаббат Йўлдошева фантаст-ёзувчи, журналист, сценарист, кинотаржимон сифатида самарали ижод қилиб келмоқда.
Ижодкор 1964 йил 22 мартда Тошкент вилоятида туғилган. 1987 йилда Тошкент Политехника институтининг тоғ-металлургия факультетини тамомлаган. 1989 йилдан буён Муҳаббат Йўлдошева Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ўзбек адибасининг фантастик ҳикоя ва эртаклари инглиз, серб, ҳинд, бенгал, корейс, қозоқ, хитой, украин, беларусь, вьетнам ва рус тилларига таржима қилинган. Муҳаббат Йўлдошеванинг асарлари Миср, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Англия, Покистон, Украина, Қозоғистон, Вьетнам ва бошқа мамлакатларда нашр этилган.
Муҳаббат Йўлдошева Москвада ўтказилган “Белая Срижаль” I Халқаро ҳикоялар танловида Болалар адабиёти йўналиши бўйича ғолиб бўлган. Шунингдек, 2013 йилда Жанубий Кореяда ўтказилган Ўрта Осиё мамлакатлари халқларининг мифлари, эртаклари ва афсоналари асосидаги сценарийлар халқаро танловида “Кўҳи-Қоф шаҳзодаси” номли бадиий фильм сценарийси билан 1-ўринни эгаллаган.
2022 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Аёлга эҳтиром” адабий танловининг ғолибаси бўлган.
Н.Усмонова, ЎзА