French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзбек адабиётидан танланган ҳикоялар” китоби турк тилида чоп этилди
09:32 / 2025-02-05

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хайрулла Ҳамидов томонидан турк тилига таржима қилиб, нашр этилган “Ўзбек адабиётидан танланган ҳикоялар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид мазкур тўплам хориждаги ўзбек адабиёти мухлисларини  мамлакатимиз сўз санъатидаги замонавий жараёнларни таништириш билан бирга, янги таржима асарларига йўл очишини таъкидлади.  

–  Бу тўплам наинки туркиялик китобхонлар, балки АҚШ ва бошқа давлатларнинг китобхонларини ўзбек адабиётидан баҳраманд этади, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али. – Бугунги китоб тақдимоти худди байрам каби ўтказилмоқда. Шу билан бирга, ижодкорларимиз тўхтамасдан изланишлари керак, деб ўйлайман.  

[gallery-21590]

– Китобнинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти ҳақида гапирмоқчи эдим, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети проректори Қудратилла Омонов. – Халқларни бирлаштиришнинг энг осон йўли бадиий адабиётнинг таржимасидан бошланади. Бу китоб ХХ аср ва ҳозирги давр адабиёти билан туркий улус китобхонларини кенгроқ таништиришда алоҳида аҳамият касб этади. Яна бир жиҳати – ушбу китоб олий ўқув юртлари талабалари учун таржимонлик соҳасини ўрганиш бўйича муҳим билимлар манбаидир.  

–Ўзбек муаллифларини дунёга янада кенгроқ таништиришда Хайрулла Ҳамидов томонидан турк тилига ўгирилган ушбу китоб ўзига хос аҳамият касб этади, – деди адабиётшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Адҳамбек Олимбеков. – Ўйлайманки, келгусида бу китоб ҳақида кўплаб мақолалар эълон қилинади. Бу тўпламнинг нашр этилиши таржимашунослик соҳасида қўйилган йирик қадамлардан биридир.  

Мазкур китобда ХХ асрда яшаб, буюк асарлар яратган атоқли ўзбек адиблари ва ҳозирда фаол ижод қилаётган таниқли ўзбек ёзувчилари қаламига мансуб энг сара асарлар, асосан, ҳикояларнинг турк тилидаги таржималари жамланган. Ўзбек халқининг миллий ўзлигини акс эттирувчи асарларни танлаб олиш, уларнинг мазмун-моҳиятига дахл этмасдан таржима қилиш, бадиий-услубий хусусиятларини сақлаб қолишга интилиш таржима соҳасидаги муваффақиятли жиҳатлардан бири. Таниқли таржимон Хайрулла Ҳамидов нашрга тайёрлаган тўплам шуниси билан муҳим.  

Китобдан Абдулла Қодирийнинг ўтган асрнинг 20-йилларида ёзилган “Жинлар базми” ва “Улоқда”, Ойбекнинг 30-йилларда ёзилган “Фонарчи ота”, “Мусича”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Санъаткор”, “Йиллар”, “Кампирлар сим қоқди”, “Ким айбдор” ҳикоялари, Саид Аҳмаднинг “Меҳрибон”, “Кўклам чечаклари”, “Кўклам тароналари” ҳикоялари, Ўлмас Умарбековнинг “Абдулла қовунчи” ва “Баҳор нафаси” ҳикоялари, Ўткир Ҳошимовнинг бир қатор ҳикоялари ўрин олган.  

Ўзбек халқининг турмуш тарзи, урф-одатларини адабиёт, хусусан, бадиий таржима орқали дунёга танитиш бугунги куннинг устувор вазифаси саналади. Шу нуқтаи назардан, ХХ асарнинг 50-70-йиллари, айниқса 1991 йилдан кейинги даврдаги замонавий ўзбек адабиёти вакилларининг энг йирик асарларини шарқ тилларига, айниқса, ҳозирги турк тилига таржима қилиб, нашр этиш муҳим аҳамият касб этади.  

Шуни ҳам айтиш керакки, ўзбек адабиётининг намуналари турк тилига асосан истиқлол йилларида таржима этила бошланди. Ўтган 30 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида сўз санъатимизнинг кўплаб намуналари – романлар, қиссалар, ҳикоя ва достонларимиз турк тилига қардош халқ таржимонлари, ижодкорлари томонидан  ўгириб келинди.  

Ҳажми, қамрови жиҳатдан ниҳоятда кенг бўлган ушбу китоб кейинги 100 йил, яъни 1920 йиллардан бошлаб, 2020 йилларга қадар бўлган даврда ижод қилган ва бугун ҳам қалам тебратаётган 20 нафардан ортиқ ёзувчилар – Абдулла Қодирийдан бошлаб то Рисолат Ҳайдарова ҳамда Маъмура Зоҳидова каби адибаларнинг ҳикояларини қамраб олгани билан аҳамиятли. 

Таниқли ёзувчиларимизнинг танланган ҳикоялари, қиссалари жамланган ушбу китоб Ўзбекистонда турк тилини ўрганаётган университет ва лицей ёшлари, турк тили ва адабиёти ўқитувчилари, таржимашунослик, қиёсий тилшунослик, чоғиштирма адабиётшунослик соҳаларида илмий изланиш олиб бораётган мутахассислар ҳамда ўзбек адабиётининг энг яхши намуналари билан танишмоқчи бўлган барча китобхонларга манзур бўлади.  

Назокат Усмонова,  

Ойбек Пардаев (сурат),

ЎзА