«Ўзбек адабиёти ўлди, адабиётимиз «реанимацион» ҳолатда», деяётганларнинг аслида ўзи «ўлган»! Улар бугунги адабий жараёнлардан бохабар бўлмагани, ўқимагани ҳолда адабиётни «ўлди»га чиқармоқда.
Аслида бугунги ўзбек адабиёти жуда гўзал бўлиб бормоқда. Бугунги кунда ёзилаётган асарлар бунга исботдир» – ушбу фикрлар Улуғбек Ҳамдамнинг «Биздан рози бўлинг, ота» асари тақдимотида профессор Қозоқбой Йўлдошев томонидан айтилди.
«Янги аср авлоди» нашриёти қошидаги BOOK.UZ дўконида ўтказилган тақдимотга профессорлар Ҳамидулла Болтабоев, Насимхон Раҳмоновлар ҳам ташриф буюриб, муаллиф ва асар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди. Ҳамидулла Болтабоев асарни «Ўзбекка ўзбеклигини эслатадиган роман», дея изоҳлади.
Ёзувчининг ўзи асар ёзилиши тарихи ҳақида шундай дейди: «Бу асарни ёзмоқчи эмасдим, аммо отамни йўқотгач, ҳар куни у билан «гаплашдим». Гапларим қоғозга тўкилди. Ёзганларим Отамга аталган видо... Вақтида отамдан ризолик сўрашга имконим бўлмади... Китоб орқали «Мендан рози бўлинг, ота», деган фиғонни мен у дунёга, отамга йўлладим».
Асар роман-эссе жанрига мансуб бўлиб, «Янги аср авлоди» нашриёти томонидан чоп этилган.
– Китобни мамнунлик билан чоп этишимизнинг биринчи сабаби - ёзувчининг машҳурлиги, муаллифнинг бундан аввалги китоблари нафақат ўқувчилар, балки адабий танқидчилар томонидан ҳам жуда илиқ кутиб олинган. Тили, услуби, замон ва макон тушунчалари ўқувчини, сўзсиз, ўзига боғлайди, – деди тақдимотда нашриёт масъулларидан бири. – Иккинчи сабаб - мавзунинг оригиналлиги. Ижтимоий енгил-елпиликдан узоқлиги китобга киритилган асарлар номидан ҳам билиниб турибди – «Биздан рози бўлинг, ота», «Ота». Учинчи сабаб - ушбу китобга кирган романларнинг ҳажми. Китоб катта эмас, аммо ундан иккита забардаст асар ўрин олган. Ҳар иккала роман, айтиш мумкин бўлса, ёзувчи ижодидаги етуклик пайти дунёга келган.
Янги давр адабиётида бу – айбдорлик ҳисси, изтироб, армон, таскин ҳамда сўзсиз ва сассиз фарёдлар акс этган роман, дея изоҳлангани бежиз эмас. Китобни совуққонлик ва сокинлик билан ўқиш қийин. Мушоҳада ҳамда таҳлил китобхонни бир муддат тинч қўймайди...
Мафтуна Каримова, ЎзА