Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Бадиий публицистика кенгаши фаолиятининг 2021 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Пандемия шароитига қарамай, кенгаш аъзолари йил давомида эътиборга молик ишларни амалга оширдилар. Газет-журналларда, радио-телевидениеда бадиий-публицистик мақоллар шарҳига бағишланган чиқишлар бўлди.
Кенгаш раиси Аҳмаджон Мелибоев Исажон Султоннинг “Навоий” романига муҳаррирлик қилди. Абдусаид Кўчимовнинг “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган “Эврилишлар силсиласи” сарлавҳали бадиий-публицистик мақоласи юзасидан “Ўзбекистон-24”, “Маданият ва маърифат” каналларида давра суҳбатларида қатнашди.
Кенгаш аъзолари навоийлик Салима Холдорова, таниқли адиблар Сотим Аваз, Муҳтарама Улуғованинг публицистик тўпламларини муҳокама қилиб, уларга тегишли маслаҳат бердилар. Академик Абдулла Аъзамовнинг Алишер Навоий ҳақидаги янги публицистик эссеси “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинди.
Наср кенгаши билан биргаликда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” романи қўлёзмаси муҳокама қилинди. Романнинг дастлабки 28 боби А.Мелибоев ва М.Раҳим таҳририда журналда чоп этилди.
Устоз Сайди Умиров, маърифатпарвар Анвар қори Турсунов, драматург Алп Жамол ҳақида тайёрланган хотира тўпламларида кенгашнинг ўз ҳиссаси бор.
– Зомин семинарида бадиий публицистика кенгаши фаол иштирок этди. Уч кунлик суҳбатларда журналистика ва публицистиканинг ўзига хос хусусиятларини ўргатишга алоҳида эътибор берилди. Отабек Исроилов, Хуршид Қаршиев, Жаҳонгир Тўхтасинов қаламига мансуб публицистик мақолалар матбуотга тавсия этилди. Отабек Исроиловнинг публицистик мақолалардан иборат биринчи китоби нашрга тайёрланди. Ўтган семинарда иштирокчиларга “Дўрмондан Ўриклисойгача” мавзусида ижодий иш ёздирилган эди. Уларнинг айримлари “Ёшлик” журналида эълон қилинди. Бу йилги мавзу “Ўриклисой: оқшомдан тонггача” бўлади, – деди кенгаш раиси Аҳмаджон Мелибоев.
2021 йилда “Буюк ўзбек йўли”, “Адабиёт – халқнинг юраги”, “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида”, Абдулла Аъзамнинг “Аброрлар ҳайрати”, Сирожиддин Саййиднинг “Элдошларим, дилдошларим”, “Абдураҳим Эркаевнинг “Абдулла Орипов даҳоси”, Илҳом Ғаниевнинг “Рауф Парфи Ўзтурк дунёси”, Абдусаид Кўчимовнинг бадиа ва қиссалардан иборат тўплами, Олим Тошбоевнинг “Ботиндаги бўрон”, Аҳмаджон Мелибоевнинг Эркин Воҳидов публицистикасига бағишланган “Эркин Воҳидовнинг имзоси”, Зулфия Мўминованинг “Юрагига Сурхондарё сиққан аёл”, Ҳаким Сатторийнинг “Ерда юлдуз кўрдим” номли публицистик китоблари нашр этилди.
Ҳисобот йиғилишида “Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Салим Ашурнинг ўтган йилнинг якунлари ва публицистиканинг бугунги долзарб вазифалари хусусидаги маърузалари тингланди ва муҳокама қилинди.
Н.Усмонова, УзА