Сўнгги йилларда Ўзбекистонда энергетика соҳасини модернизация қилиш ва миллий иқтисодиётни барқарор энергия билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Қуёш ва шамол энергияси каби қайта тикланувчи манбалардан самарали фойдаланиш билан бир қаторда, давлат энергетика тизимида атом энергетикасини жорий этиш ҳам стратегик устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу эса мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлаш, электр энергиясига бўлган ички талабни қондириш ва саноатни барқарор ривожлантириш учун муҳим қадамдир.

Бугунги кунда "Ўзатом" агентлиги томонидан атом энергетикасини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Биринчи АЭС лойиҳасини амалга ошириш жараёнида халқаро тажрибани ўрганиш, илғор технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш мақсадида етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

Жумладан, атом энергетикаси инфратузилмасини шакллантиришда замонавий турбина ускуналари ва юқори қувватли энергетик тизимларни ишлаб чиқариш катта аҳамият касб этади. Айнан шу мақсадда "Ўзатом" агентлиги делегацияси амалий сафар чоғида Италиянинг энергетик машинасозлик соҳасидаги етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бири - “Ansaldo Energia” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борди ва компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди.
Таъкидлаш керакки, “Ansaldo Energia” компанияси дунёда турбина ускуналари ва уларнинг таркибий қисмларини ишлаб чиқариш бўйича етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Бу ерда роторлар, ишчи ва турбиналарнинг йўналтирувчи куракларини ишлаб чиқариш жараёнлари амалга оширилади. Элементларни тайёрлашда қўлланиладиган замонавий технологиялар, яъни электроэрозион ишлов бериш (EDM), қиздирилган ҳолда ишлов бериш, шунингдек, компанияда ишлаб чиқилган инновацион усулда оғир роторларни пайвандлаш ишлари ўзига хослиги ва мураккаблиги билан эътиборлидир.
Танишув чоғида делегация аъзоларига энергетика тармоғи учун турли қувватдаги турбогенераторларнинг ишлаб чиқариш жараёни ва ташкил этилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ташриф давомида делегация ўрта ва катта қувватли турбиналарни йиғиш зонаси ҳамда катта қувватли газ турбиналарини ишлаб чиқариш жараёнини якунлаш учун мўлжалланган янги монтаж участкаси билан танишди. Завод кичик қувватли ихчам қурилмалардан тортиб, 1 минг мегаваттдан юқори қувватли машиналарни ишлаб чиқариш имкониятига эга эканлиги таъкидланди.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматининг хабар қилишича, мазкур танишув “Ansaldo Energia компанияси кенг кўламли талабларни қондира оладиган турбиналар ва компонентлар ассортиментига эга эканлигини тасдиқлайди. Эҳтимолий ҳамкорлик нуқтаи назаридан ушбу ташриф кейинги мулоқот ва техник муҳокамалар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Кейинги қадам эса Ўзбекистонда атом электр стансиясини қуриш лойиҳаси талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун чуқурлаштирилган техник ҳамкорлик ва параметрларни мувофиқлаштиришдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА