Шу кунларда Москва шаҳрида “Россия энергетика ҳафталиги” халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.
Ушбу ҳафталик доирасида ўтказилган “Кам углеродли энергия: барқарор келажак асоси” мавзусидаги сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев иштирок этди.
“Росатом” давлат корпорацияси томонидан уюштирилган тадбирда кам углеродли энергетикани ривожлантириш билан боғлиқ асосий масалалар, жумладан, атом энергетикаси соҳасида илғор технологияларни жорий этиш истиқболлари, барқарор энергия манбаларига ўтиш ва уларнинг глобал энергия хавфсизлигидаги тутган ўрни каби қатор масалалар муҳокама қилинди. Унда мамлакатлар ўртасида экологик тоза энергияни ривожлантириш ва углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича инновацияларни жорий этиш борасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, халқаро форум глобал энергия муаммолари ва соҳадаги янги тенденцияларни муҳокама қилиш учун асосий платформалардан бири ҳисобланади. Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг иштироки унинг "яшил" технологияларни ривожлантириш ва энергетика соҳасида халқаро шерикликни мустаҳкамлашга содиқлигини тасдиқлайди.
Шунингдек, форум доирасида “Ўзатом” агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўртасида учрашув ҳам бўлиб ўтди.
Унда томонлар атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари, атом энергетикаси ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар чоғида томонлар паст углеродли технологияларни илгари суриш ва энергия хавфсизлигини таъминлашга қаратилган халқаро ташаббуслар доирасидаги қўшма иш режаларини келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА