“Ўзатом” агентлиги ва “Курчатов институти” илмий-тадқиқот маркази ўртасида тинчлик мақсадида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди.
Ҳужжат “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Москва шаҳрига ташрифи доирасида имзоланди. Унда делегация аъзолари “Курчатов институти” Миллий тадқиқот маркази раҳбарияти билан музокаралар ўтказиб, қатор ишчи учрашувларда иштирок этди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистоннинг ядро соҳасидаги миллий салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, илғор ядро технологияларини биргаликда жорий этишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Айниқса, иқтисодиёт, тиббиёт ҳамда барқарор келажакни таъминлашда тинч атомдан самарали ва хавфсиз фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорлик доирасида кичик модулли ва кўчма атом станцияларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиш, ядро тиббиёти ва радиоизотоплар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, синхротрон нурланиш ва нейтрон манбаларидан илмий тадқиқотларда фойдаланиш, плазма физикаси, термоядро синтези ва юқори энергиялар физикаси соҳаларида изланишлар олиб бориш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.

Шунингдек, амалий сафар чоғида “Ўзатом” делегацияси “Курчатов институти”нинг илмий-тадқиқот инфратузилмаси билан ҳам танишди. Хусусан, Ядро тиббиёти илмий-таълим маркази, Т-15МД токамак қурилмаси, ўта ўтказувчан материалларнинг тажриба-саноат ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда Курчатов синхротрон нурланиш манбаи кўздан кечирилди. Ушбу инфратузилмалар қўшма ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Ташриф якунида томонлар ўртасида илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиб, у икки давлат ўртасида ядро соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Агентлик ахборот хизматининг маълум қилишича, имзоланган ушбу битим Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш, экологик тоза энергетика ва келажак технологияларини жорий этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА