Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси ходимлари халқаро тажрибани ўрганмоқда
16:29 / 2025-12-01

Ўзбекистонда атом энергетикаси соҳасини ривожлантириш жараёнида илғор тажриба ва замонавий ядро технологияларини ўрганиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда хавфсиз энергетика ечимларини жорий этиш муҳим устувор вазифалардан саналади.

Шу мақсадда “Ўзатом” агентлиги ва АЭС қурилиши дирекцияси ходимларидан иборат делегация хизмат сафари билан Россия Федерациясидаги Нововоронеж атом электрстанциясида бўлди.

Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлик доирасида амалга оширилган мазкур ташриф давомида қатнашчилар Россия ядро энергетикаси тизимида қўлланилаётган илғор амалиётлар, хусусан кичик модули реакторлар технологияси, уларнинг лойиҳалашдаги ўзига хос хусусиятлари ва техник ечимлари билан яқиндан танишди.  

Шунингдек, саноатда ядро технологияларидан фойдаланиш, ядро ёқилғиси айланма циклининг босқичлари, радиоактив чиқиндиларни бошқариш стандартлари бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди. Нововоронеж АЭС ҳамда “Росатом” давлат корпорацияси Техник академияси базасида ташкил этилган ўқув дастурида назарий машғулотлар, махсус тренажёрларда амалий машқлар ва лаборатория шароитида тажрибалар ўтказилди.

“Ўзатом” агентлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, Нововоронеж атом электрстанцияси Россияда ВВЭР туридаги реакторларга эга илк станция ҳисобланади. Воронеж вилоятини барқарор электр энергияси билан таъминлаб келаётган мазкур иншоот Дон дарёсининг соҳилида, Воронеж шаҳрига яқин ҳудудда жойлашган.

Ташриф давомида делегация аъзолари атом станцияларида хавфсизликни таъминлашнинг кўп босқичли ёндашуви, пассив ҳимоя тизимларининг афзалликлари, шунингдек, жаҳонда кичик модули реакторлар ривожланишининг замонавий тенденциялари бўйича батафсил маълумотга эга бўлди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА