Пойтахтимизда “Ўзархив” агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг бўлиб ўтди.
Унда таъкидланганидек, сўнгги йилларда архив соҳасида коррупцияни жиловлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада ижобий ўзгаришлар ва ютуқларга эришилмоқда.
Хусусан, “Ўзархив” агентлиги бошқарув фаолиятига ISО 9001:2015 – Сифат менежменти тизими ҳамда ISО 37001:2016 – Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими халқаро стандартлари талаблари асосида бирлаштирилган бошқарув тизими жорий этилган. “CERT International” МЧЖ сертификатлаш аудити хизмати томонидан ташқи аудит ўтказилиб, якуний олинган хулосаларга кўра Агентлик томонидан олиб борилаётган бошқарув фаолияти самарали ва сифатли деб эътироф этилиб, халқаро стандартлар талабларига тўла мувофиқ деб баҳоланди.
Қолаверса, 2024 йил учун давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган очиқлик индекси бўйича “Ўзархив” агентлиги 83,5 балл билан яшил самарадорлик кўрсаткичини қайд этди.
Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими бўйича “Ўзархив” агентлигининг (илк маротаба) 2024 йилдаги фаолияти 76 балл билан қониқарли деб баҳоланди.
Агентликда коррупцияга қарши курашишни тартибга солиш мақсадида бир қатор локал ҳужжатлар қабул қилинган.
Шулардан яққол мисол сифатида тизимда коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларнинг олдини олиш мақсадида Кадастр агентлиги ва “Ўзархив” агентлигининг 2025 йил 20 майдаги қўшма буйруғи имзоланганини айтиш мумкин.
Унга мувофиқ, эндиликда Кўчмас мулкка кадастр паспортини расмийлаштириш ва унга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ДХМ ёки ЯИДХП орқали келиб тушган аризага ер ажратишга доир ҳужжатнинг QR-кодли (матрик штрихли код) архив маълумотномаси тақдим этилган тақдирда мазкур маълумотномани “Ўзархив” агентлиги томонидан тақдим этиладиган ахборот тизими орқали, ундаги маълумотлар давлат архивида сақланаётган, ер ажратишга доир ҳуқуқий ҳужжатнинг тўлиқ матнига мувофиқлигини текшириш амалиёти йўлга қўйилди.
Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашишда барча йўналишда қатъийлик билан қадам ташланмоқда. Хусусан, доимий равишда мониторинг ва назорат тадбирлари ташкил этиб борилмоқда.
Жумладан, 2025 йилда 8 та ўрганиш ўтказилиб, уларнинг 5 таси “Ўзархив” агентлиги, 3 таси прокуратура органларининг ташаббусига мувофиқ амалга оширилган.
Шу билан бирга, “Ўзархив” агентлигида Манфаатлар тўқнашуви декларацияларини ўрганиш асосида 1 та ҳақиқий манфаатлар тўқнашуви ҳолати бартараф этилди.
Шунингдек, ўзига нисбатан хизмат текширувлари ўтказилган раҳбар ва ходимларнинг 1 нафари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, 3 нафарига “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Коррупцион ҳаракатларга йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш мақсадида агентликка алоқа каналлари орқали коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисида хабар бериш шарт-шароитлари яратилган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА