Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ўзархив”: Ҳамкорликка оид меморандум имзоланди
14:55 / 2025-10-15

Пойтахтимизда “Ўзархив” агентлиги ва Биродар шаҳарлар альянси билан ҳамкорликда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги босқичи - илмий мулоқот ва амалий ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда давлат архив тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги ва Биродар шаҳарлар альянси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.  

Шунингдек, “Ўзархив” агентлиги томонидан тайёрланган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар шаҳарларининг тарихи ҳамда миллатлараро муносабатлар масалаларига бағишланган кўргазма намойиш этилди. Ўзбекистон Миллий архиви фаолияти билан танишиш мақсадида экскурсия уюштирилди.

Маълумки, шаҳарлар бу оддий турар жойлар эмас, балки тарих, маданият ва тараққиёт марказларидир. Ҳар бир шаҳар ўзининг бетакрор қиёфаси, қадимий мероси, илм-фан ва санъати билан инсониятнинг умумий тараққиётига ҳисса қўшиб келади. Шаҳарлар одамларни бирлаштиради, орзуларни амалга ошириш, янгиликларни яратиш ва келажакни қуриш майдонига айланади.  

Мана шундай жараёнда “биродар шаҳарлар” тушунчаси туғилди. Ушбу ғоя Иккинчи жаҳон урушидан кейин, халқларни бирлаштириш, дўстлик ва тинчликни мустаҳкамлаш мақсадида пайдо бўлди. Илк биродар шаҳарлар Европада ташкил топган бўлиб, вақт ўтиши билан бутун дунё бўйлаб кенг ёйилди.

Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизнинг 80 га яқин шаҳар ва ҳудудлари дунёнинг турли мамлакатлари билан биродар шаҳар мақомига эга. Бу эса нафақат маданият, балки таълим, иқтисодиёт, экология ва халқ дипломатиясини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Шаҳарлар ўртасида доимий мулоқот ва ҳамкорлик платформасини яратиш, қўшма маданий ва таълим лойиҳаларини амалга ошириш, туризм, ҳунармандчилик ва маҳаллий брендларни ривожлантириш, ёшлар ва мутахассисларга тажриба алмашинув дастурларини ташкил этиш Альянс доирасида амалга ошириладиган устувор йўналишлар ҳисобланади.

Биродар шаҳарлар альянси қисқа вақт ичида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Турли соҳаларда имзоланган меморандум, ташаббус ва лойиҳалар шаҳарлар ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлаб, халқларимиз ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро англашувни чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА