Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзархив” агентлиги томонидан 2024 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг жорий йил 9 ойлигига мўлжалланган режаси бўйича бажарилган ишлар хусусида маълумотлар берилди. Хусусан, мўлжалланган режага кўра, 20 та кўрсаткичлар бўйича ишлар бажарилиб, шундан 19 та кўрсаткич ошириб бажарилгани қайд этилди.

Жумладан, ҳисобот даврида Ўзбекистон миллий архивлари ва республика давлат архивлари томонидан жами 1082,3 минг сақлов бирлигидаги 74,4 миллион кадр рақамлаштирилган. Тасдиқланган режага мувофиқ, 2024 йил бошидан 62,2 минг сақлов бирлигидаги қарийб 7,2 миллион кадр рақамлаштирилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимига жами 1 миллион 740 мингта маълумот киритилди. Шундан 48 минг 954 та фонд, 54 минг 16 та рўйхат, 910 минг 973 та сақлов бирлиги ва 726 минг 620 та ҳужжат базаси яратилди.

Тасдиқланган режага мувофиқ 6 ойда давлат архивлари томонидан ахборот тизимига 578 минг 303 та маълумотлар киритилди. Шундан 468 та фонд, 3 минг 307 та рўйхат, 206 минг 177 та сақлов бирлиги ва 368 минг 351 та ҳужжат базаси яратилди ва режа 143 фоизга бажарилган.
Агентликка 9 ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 1006 та мурожаат келиб тушди. Республика архивларига 250 минг 350 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган бўлиб, ижроси таъминланди.
“Ўзархив” агентлиги, Архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан 170 та ташкилотда назорат текширувлари ўтказилди. Архивлар томонидан ташкилот ва корхоналарга қўлланилган чора сифатида 148 та тақдимнома киритилган, 30 та маъмурий баённома расмийлаштирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 6 та материал юборилган.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларда архив иши ва иш юритиш бўйича услубий ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича 324 та ялпи ўрганиш, 225 та мавзули ўрганиш ишлари олиб борилди.
2024 йил 28 майда Венгрия Республикаси Будапешт шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Венгрия Миллий архиви ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги келишувларнинг бажарилишини таъминлаш бўйича амалий ҳаракатлар режаси (2024-2028 йиллар учун)” имзоланди.
Қозоғистон архивлари сақловидаги Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид 280 та кадр архив ҳужжатлари электрон нусхалари юртимизга олиб келинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА