Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугунги кунда тиббиёт соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказининг саъй-ҳаракатлари натижасида соҳа мутахассислари хорижнинг етакчи клиникалари билан имзоланган меморандум, ҳамкорлик шартномалари асосида малака ошириш имконига эга бўлмоқда.
Жумладан, РШТЁИМ Навоий филиали ва Россия Федерацияси Тюмень 2-сон вилоят клиник шифохонаси ўртасида ўзаро келишув йўлга қўйилган бўлиб, филиал травматологлари мазкур клиникада ўзаро тажриба алмашди.
Тажриба алмашиш жараёнида навоийлик шифокорлар мазкур клиниканинг қабул диагностика бўлимидаги беморлар аҳволини баҳолаш ва саралаш тизими ҳамда травматология бўлими фаолияти билан яқиндан танишди.

Филиал мутахассислари илмий йўналишдаги фаолиятларини мустаҳкамлаш мақсадида Тюмень давлат тиббиёт университети билан тузилган меморандумга асосан университетнинг “Ташқи коммуникация ва халқаро алоқалар дирекцияси”да илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, улар Екатеринбург шаҳрида “Чаноқ суякларида бажариладиган юқори технологияли мураккаб жарроҳлик амалиётлар”ни чуқурлаштириш мақсадида Кадавер курсларида иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, филиал мутахассисларининг ўзлаштирган амалий кўникмалари юртимизда аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири