English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзаро ҳамкорлик ижобий самара беради
18:38 / 2023-02-02

Вилоятда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий этиш, кам таъминланган ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар сирларига ўргатиш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамкорлигида амалий тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб O’zLiDeP вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия аъзоси ҳисобланган тадбиркорлар масканда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Таъкидланишича, 2021 йилнинг август ойида ўз фаолиятини бошлаган Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида фуқаролар бугунги кунда 8 та хизмат тури бўйича жами 24 турдаги касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. Шунингдек, 4 та хорижий (рус, инглиз, корейс, япон) тилларни ўргатиш ҳамда тадбиркорлик асослари, миграция кўниктириш маркази фаолияти йўлга қўйилган. Биргина ўтган 2022 йилда мономарказда 3800 нафар тингловчи ўз билим ва малакасини оширган. Уларнинг 2500 нафари маҳалла фуқаролар йиғинларидаги “Темир дафтар” рўйхатига киритилган ижтимоий-ҳимояга муҳтож фуқаролардир. Маълумотларга қараганда, жорий йилда ушбу кўрсаткични 4700 нафарга етказиш режалаштирилган.  

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари ўқув-амалий машғулот хоналаридаги шароитлар билан танишди. Автомобилларни техник таъмирлаш, заргарлик, сервис хизматлари кўрсатиш, маиший ва тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини ўз ичига олган ўқув-машғулотлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик ва бошқа касб эгаларининг ишлари ҳам  манзур бўлди.  

Бухоролик заргарлар сулоласининг кенжа вакили Олимжон Сафаровнинг 20 дан ортиқ шогирдлари айни кунда мустақил фаолият юритмоқда. Мономарказда таҳсил олаётган 40 нафар тингловчи ҳам айнан шу йўналишда ўз маҳоратини оширяпти.

– Мономарказнинг аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартиришдаги ўрни беқиёс, – дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлими раиси, партия вилоят Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Дилбар Аҳмедова. – Мономарказнинг партия вилоят Кенгаши ҳамда ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари ҳамкорлиги ҳам  амалий самара беришига ишонаман.  

Мономарказ тингловчилари томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар - турли пишириқлар, заргарлик, зардўзлик буюмлари ва тикувчилик намуналаридан иборат кўргазма иштирокчиларга катта таассурот қолдирди.  

Интерфаол усулда ташкил этилган тадбирда мономарказ фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик ҳам намойиш этилди. Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан аниқ ва батафсил жавоб берилди. Шу куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда “Ишга марҳамат” мономаркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Зариф Комилов, ЎзА