Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзаро ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтирилади
20:29 / 2021-12-10

Ўзбекистон Республикаси молия вазири Тимур Ишметов, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Халқаро валюта фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Рон ван Роден иштирокида учрашув ўтказилди.

Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Учрашувда сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар ҳақида сўз борди.

Муҳокама чоғида мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, хусусийлаштириш, божхона ислоҳотлари, ЯИМнинг ўсиши, бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, кичик ва ўрта тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, унда хусусий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги ва изчиллигини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётига муайян таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хавф-хатарлар масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Томонлар иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, трансформация жараёнлари, инфлация даражасини пасайтириш, аҳолининг яшаш даражасини ошириш, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликлар юзасидан фикр алмашди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга келишиб олди.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева тайёрлади.