Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзаро англашув, дўстлик ва очиқлик – Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг асосидир
11:10 / 2021-06-18

Жорий йилнинг 17 июнь куни Марказий Осиё халқаро институтида Тожикистон Миллий Фанлар академияси ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази билан биргаликда "Ўзаро англашув, дўстлик ва очиқлик – Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигининг янада ривожланиши асосидир" мавзусида онлайн шаклда халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Фанлар академиясининг Тарих институти, Ташқи ишлар, Транспорт, Маданият ҳамда  Сув  ва қишлоқ хўжалиги вазирликлари раҳбарияти ва етакчи эксперт-таҳлил вакиллари иштирок этди.

Шунингдек, анжуманда Тожикистон Миллий Фанлар академияси, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Россия-Тожикистон (Славян) университети, Тожикистон Республикаси Геополитик тадқиқотлар маркази,  Осиё ва Европа муаммоларини ўрганиш институти, Тарих, этнография ва археология институти, Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти раҳбарияти ва етакчи экспертлари қатнашди.

Иштирокчилар 10-11 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи натижалари юзасидан фикр алмашдилар.

Икки мамлакат раҳбарларининг  сиёсий иродаси ва узоқни кўра биладиган оқилона сиёсати ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали алоқалар стратегик шерикликнинг юқори поғонасига кўтарилди.

Маърузачиларнинг фикрига кўра, ташриф давомида икки Давлат раҳбарлари ўртасида  ўтган музокаралар ва учрашувлар, имзоланган  ҳужжатлар тўплами нафақат ўзаро манфаатли ҳамкорликка туртки берди, балки узоқ муддатли истиқболда ўзбек-тожик шериклигини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам ҳам бўлди.

Сўзга чиққанлар ўз нутқида таъкидлаганидек, ушбу ташриф  бутун Марказий Осиё минтақасини янада барқарор ривожланишига улкан ҳисса қўшади.

Анжуманда келгуси йилда мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси ҳажмини икки бараварга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида,  жумладан автомобилсозлик саноатида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш, савдо шартномалари, электр саноати, гидроэнергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳалардаги инвестиция шартномаларини ҳаёт жорий этиш ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.  

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари ривожланишини ҳаракатлантирувчи омиллардан бири, бу шубҳасиз,                минтақалараро алоқаларни янада мустаҳкамлашдир. Хатлон вилояти Бохтар шаҳрида  ўтган Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари якунлари бўйича, умумий қиймати 1 миллиард долларлик ҳужжатлар имзолангани ушбу фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташрифи доирасида Душанбеда "Дўстлик оқшоми" сингари ёрқин тадбирлар, Хўжандда бўлиб ўтган зиёлилар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув, Хатлон вилоятидаги тиббиёт мажмуаси фаолиятини йўлга қўйиш, Самарқандда янги мактаб фойдаланишга топширилгани икки биродар мамлакат ва халқларимиз ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ҳамда стратегик шерикликнинг ҳақиқий рамзига айланди, десак асло муболаға бўлмайди.

Иштирокчилар конференция давомида, ўзбек-тожик шериклигининг барча асосий йўналишларига доир ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича  фикр алмашдилар.  Шу қаторда, Транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, таълим, фан, маданият каби кўплаб соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Анжуман қатнашчилари икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашиш, мамлакатлар ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ янги таклифларни ишлаб чиқишда бу каби тадбирлар муҳимлигини таъкидладилар.

ЎзА