Боку давлат университети профессори, адабиётшунос олим Рамиз Аскер Андижон давлат университетига келди.
Озарбайжонлик меҳмон университет жамоаси томонидан ўзбекона удумлар билан кутиб олинди. Шундан сўнг университет филология факультети профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирокида учрашув ташкил этилди. Учрашувда Андижон давлат университети ректори, профессор Акрамжон Юлдашев сўз олиб, ўзбек адабиётининг буюк тарихи, улуғ аждодларимизнинг жаҳон адабиёти равнақига қўшган улкан ҳиссаси, бир неча асрлардан буён ўзбек ва озарбайжон адабиёти ўртасида давом этиб келаётган ижодий ҳамкорлик ҳақида гапирди.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, профессор Рамиз Аскер 80 дан ортиқ китоб ва таржима асарлар муаллифи ҳисобланади. У ўзбек ва озарбайжон адабиёти ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг, икки қардош халқ адабиётининг яқинлашишига улкан ҳисса қўшган олимдир. Ўзбек адабиёти вакилларининг 15 яқин асарларини озарбайжон тилига таржима қилган. Хусусан, озарбайжонлик китобхонлар Алишер Навоийнинг "Хамса”, З.М. Бобурнинг “Бобурнома” асарларини айнан Рамиз Аскер таржимаси орқали мутолаа қилиш имконига эга бўлган.
[gallery-11445]
Учрашувда адабиётшунос олим Рамиз Аскер Навоийнинг боқий мероси, Бобур асарлари, уларни ўрганиш ва тарғиб этиш борасида Озарбайжонда олиб борилаётган ишлар, шунингдек, ўзининг Навоий асарларини ўрганиш борасидаги илмий ишлари, асарлари, Навоий ва Бобур асарлари таржимаси, Бобур халқаро жамоат фонди билан ҳамкорлиги ҳақида гапирди, университет кутубхонасига ўз китобларидан совға қилди.
Тадбирда Рамиз Аскер ижоди, ўзбек ва озарбайжон адабиёти ҳамкорлиги хусусида фикр алмашилди. Ўқитувчи ва талабаларни қизиқтирган саволларга олим батафсил жавоб қайтарди.
Учрашув сўнгида университет ректори Рамиз Аскерга “Андижон давлат университети фахрий профессори” унвони тақдим этилганлиги ҳақидаги ҳужжатни тантанали равишда топширди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов, ЎзА