Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Озарбайжонлик меҳмонлар Гейдар Алиев номидаги Маданият марказида
22:23 / 2022-05-02

Озарбайжон Халқаро мақом маркази ҳузуридаги «Карабах» («Қорабоғ») мақом гуруҳи аъзолари – халқ артистлари Мансум Ибрагимов ва Элчин Гашимов, хизмат кўрсатган артист Элнур Аҳмедов ва зарбчи созанда Вусал Байрамов Ўзбекистондаги Гейдар Алиев номли Маданият марказида бўлишди.

Меҳмонлар дастлаб мажмуа ҳовлисида буюк давлат арбоби Гейдар Алиев хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гул қўйишди.

Марказ директори Самир Аббосов ҳамюртларига 2010 йил Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга ташрифи чоғида очилган Гейдар Алиев номли Маданият маркази фаолияти ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Таниқли санъаткорлар бу ердаги Гейдар Алиев музейи, шунингдек Озарбайжон давлатчилиги тарихи ва Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлиги музейларини томоша қилишди. Кичик саёҳат давомида улар миллат етакчиси ҳаёти ва фаолиятининг турли йиллари билан боғлиқ муҳим воқеалар акс этган материаллар, турли мамлакатлар раҳбарлари билан учрашувлар муҳрланган фото-ҳужжатлар, Озарбайжоннинг турли даврларга оид харитаси, тарихий фактлар, буюк шахслар ҳақидаги маълумотлардан бохабар бўлдилар.

ЎзА аввал хабар берганидек, пойтахтимиздаги «Туркистон» санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Озарбайжон Халқаро мақом маркази ҳамкорлигида ташкил этилган «Дўстлик кўприги» катта концерт дастури намойиш этилган эди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА