Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари ижобий суръат билан ривожланиб бормоқда. Саъй-ҳаракат натижасида кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробардан зиёдга кўпайди.
Шу билан бир қаторда савдо, инвестиция, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик алоқалари йилдан-йилга тараққий этмоқда. Бу эса икки давлат ўртасида яқин дўстлик алоқасини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати хабар беришича, Ўзбекистон ҳудудида Озарбайжон капитали иштирокидаги жами 178 та корхона фаолият юритади, шундан 63 таси қўшма ва 115 таси юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир.
Икки мамлакат ўртасида қурилиш материаллари саноати бўйича ўзаро ҳамкорлик йил сайин яхшиланяпти. Юртимизда ишлаб чиқарилган қурилиш материалларига бўлган талаб ортиб бормоқда.
2021 йил Озарбайжон давлатига 3,9 миллион долларлик қурилиш материаллари етказиб берилган. Хусусан, керамик плитка, базальт толаси, ПВХ профиллари, қуруқ қурилиш қоришмалари каби маҳсулотлар экспорти амалга оширилган. Жорий йил январь-март ойларида 1,2 миллион долларлик қурилиш материаллари экспорт қилинган.
Б.Худойбердиев, ЎзА